КХДР жосус сунъий йўлдошни яратиш доирасида синовларни бошлади
Олам
−
19 Декабрь 2022
3078Шимолий Корея ҳарбий разведка сунъий йўлдошини яратиш доирасида синовлар ўтказди. Бу ҳақда давлат марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Агентлик мамлакат аэрокосмик технологиялар қўмитасининг вакилига таяниб, синовлардан мақсад “сунъий йўлдошдан суратга олиш тизимларининг имкониятларини баҳолаш” эканини қайд этган.
Мутахассислар қурилманинг космик шароитда ишлашини, бошқарув марказига маълумотларни узатиш имкониятини ва бошқа параметрларни тасдиқлаган. Пхеньян бортида синов қурилмаси бўлган ракетани тахминан 500 км баландликка учирган.
Расмийнинг айтишича, Пхеньян 2023 йил апрелигача биринчи ҳарбий разведка сунъий йўлдошини учиришга тайёргарликни якунлайди.
Жанубий Кореянинг “Yonhap” агентлигидан хабар қилинишича, синовлар Корея Халқ Демократик Республикаси шимоли-ғарбидаги Соҳэ полигонида бўлиб ўтган. Корея Миллий мудофаа университетининг собиқ профессори Квон Ён Сунинг сўзларига кўра, ракета 2000 кмгача масофани босиб ўта олади, бу эса Япониядаги асосий нишонларни, жумладан, АҚШ ҳарбий объектларини нишонга олиш учун етарли.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 декабрь куни КХДР Япон денгизига иккита баллистик ракета учирди. Ракета Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонасидан ташқарига тушганди ва бу Токионинг Пхеньянга нисбатан бир қанча норозилигини келтириб чиқарди.
LiveБарчаси