КХДР янги қуролини синаб кўрди
Олам
−
23 Октябрь 4104 2 дақиқа
Шимолий Кореяда навбатдаги “муҳим қурол” сифатида қаралаётган гиперсониклар муваффақиятли синовдан ўтказилди. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги хабар берди.
Икки дона гиперсоник учувчи аппарат мамлакат пойтахти Пхеньяндаги Рёкпхо ҳудудидан шимоли-шарқ йўналишида учирилган. Агентликка кўра, қуроллар Шимолий Хамгён провинциясидаги Оран тумани ҳудудида жойлашган Квесан чўққиси яқинидаги нишонга кучли зарба берган.
Зарбаларни шахсан кузатган Корея Меҳнат партияси Марказий Қўмитаси котиби Пак Чон Чхоннинг сўзларига кўра, янги қурол КХДРнинг мудофаа техник салоҳиятининг узлуксиз янгиланаётганидан далолат беради. У миллий мудофаа соҳасидаги илмий-тадқиқот гуруҳининг ишларини юқори баҳолаган.
Маълумот учун, гиперсоник қуроллар одатдагидан анча тез – Mach 5 (яъни товуш тезлигининг 5 баравари) ва ундан юқори тезликда ҳаракатланади. Улар балистик ракеталардан фарқли равишда йўналишини ўзгартира олади ва парвоз профилида кўпроқ манёвр қилади, шунинг учун аниқлаш ва йўқ қилиш қийинроқ бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сеулда Жанубий Корея ва АҚШ Президентлари учрашуви арафасида КХДР мамлакатнинг шарқий соҳилидаги денгиз томонга қисқа масофали баллистик ракеталарни учирганди. Жанубий Корея бирлашган штаб бошлиқлари қўмитасининг маълум қилишича, бир нечта снарядлар аниқланган, улар, эҳтимол, қисқа масофали баллистик ракеталар бўлган. Бу 2025 йилнинг июнь ойида янги Президент Ли Че Мён лавозимига киришганидан бери КХДР томонидан амалга оширилган биринчи бундай синовдир. Олдинги ракета учирилиши май ойида содир бўлган эди.
Live
Барчаси