КХДР ядровий арсеналини тезкор суръатларда кенгайтирмоқчи
Олам
−
19 Август 4549 2 дақиқа
Шимолий Корея ўз ядровий арсеналини тезкор суръатларда кенгайтириши лозим. Бу ҳақда бугун, 19 август куни мамлакат етакчиси Ким Чен Ин Ҳарбий-денгиз кучлари эсминецига ташрифи чоғида сўз очди.
“Ким Чен Иннинг айтишича, давлатимиз хавфсизлиги ҳар куни тобора жиддийлашиб бормоқда ва вужудга келган вазият биздан мавжуд ҳарбий назария ва амалиётда туб ва шиддатли ўзгаришларни амалга оширишни, шунингдек, ядровий қуролланишни кескин кенгайтиришни талаб этмоқда”, деб ёзади Марказий телеграф агентлиги.
Маълумот учун, шу кунларда Жанубий Корея ва АҚШ йиллик “Ulchi Freedom Shield” қўшма машғулотларини ўтказмоқда. Икки мамлакат расмийларининг айтишича, бу машқлар мудофаа характерига эга, бироқ Пхеньян уларни доимий равишда босқинчилик машғулоти сифатида талқин қилади. Хусусан, Ким Чен Ин АҚШ ва Жанубий Корея ўтказаётган ҳарбий машғулотларни “уруш қўзғатишга бўлган очиқ-ойдин истакнинг ифодаси” деб атаган.
Бундан ташқари, олдинроқ Жанубий Корея ҳарбийлари 40 та дала машғулотидан 20 тасини жорий йилнинг сентябрига кўчиришини эълон қилган. Бу қарор икки мамлакат ўртасидаги кескинликни юмшатиш мақсадида қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея Жанубий Корея билан муносабатларни яхшилаш нияти йўқлигини конституцияда мустаҳкамлаб қўйишни режалаштираётгани хабар қилинганди. Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси бўлими раҳбар ўринбосари, КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжонга кўра, КХДР Жанубий Кореяни “дунёдаги энг душманона давлат” деб билади ва муносабатларни яхшилашга умид қилиш “чўлда гуллар очилишига умид қилиш” билан баробар.
Live
Барчаси