КХДР Россия билан ҳарбий ҳамкорлик шартномасини ратификация қилди
Олам
−
12 Ноябрь
3223Шимолий Корея Россия билан кенг қамровли стратегик шериклик шартномасини ратификация қилди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Ратификация қилиш борасидаги тегишли ҳужжатни КХДР етакчиси Ким Чен Ин кеча, 11 ноябрь куни имзолаган.
Жорий йилнинг 19 июнь куни КХДР пойтахтига Россия Президенти Владимир Путиннинг ташрифи доирасида Москва ва Пхеньян ўртасида кенг қамровли стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим тузилган. Шартнома жами 23 моддадан иборат. Улар орасида космик ва ядровий соҳалар, савдо, иқтисодиёт ва инвестициялар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ҳам назарда тутилган.
Шартнома чексиз муддатга амал қилади. Ҳужжат де-факто ҳарбий иттифоқни англатади. Хусусан, ушбу келишувнинг 4-моддасида агар томонлардан бири бир ёки бир нечта давлатнинг қуролли ҳужуми туфайли уруш ҳолатига тушиб қолса, иккинчиси зудлик билан унга мавжуд барча воситалари билан ҳарбий ёрдам кўрсатиши белгиланган. Россиянинг шунга ўхшаш шартномаси илгари фақат Мўғулистон билан мавжуд бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат Думаси мамлакат Президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўртасида жорий йилнинг июнь ойида Пхеньянда имзоланган икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик ҳамкорлик шартномасини бир овоздан ратификация қилганди.