КХДР АҚШнинг ҳаракатларига жавобан баллистик ракета учирди (фоторепортаж)
Олам
−
19 Декабрь 2023
8449Кеча, 18 декабрь куни Шимолий Корея АҚШ ва Жанубий Кореянинг душманлик ҳаракатларига жавобан “Хвасон-18" қитъалараро баллистик ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Билдирилишича, ракета 6518,2 км максимал парвоз баландлигида 4415 сонияда 1002,3 км масофани босиб ўтган ва “мўлжалланган акваторияга аниқ теккан”.
Расмий Токио Шимолий Кореянинг ракетаси Япониянинг Япон денгизидаги эксклюзив иқтисодий зонасидан ташқарида, Хоккайдодан 20 км узоқликда жойлашган Окушири оролидан 250 км ғарбда қулаганини маълум қилган.
“Учириш атрофдаги мамлакатлар хавфсизлигига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмади”, дейилади Корея марказий ахборот агентлиги хабарида.
Ракета учирилишига Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бошчилик қилган, у марказий қўмондонлик ва кузатув пунктида машғулотлар режасини эшитган ва учиришга рухсат берган.
Агентликнинг ёзишича, синовлар Корея Республикаси ва АҚШнинг Ядровий режалаштириш бўйича маслаҳат гуруҳининг иккинчи йиғилишига, шунингдек, минтақада КХДРга қарши қаратилган ҳарбий машғулотларнинг фаоллашувига ва Американинг Корея яриморолига ядровий қуролларини жойлаштиришига жавоб бўлган.
“Корея яриморолига ўз уйидек бостириб келаётган Қўшма Штатлар ва унинг Жанубий Кореядаги хизматкорларининг ваҳшийликлари туфайли КХДР хавфсизлиги ҳар соатда жиддий таҳдид остида бўлиб, бу Пхеньянни фаолроқ қарши чоралар кўришга мажбур қилмоқда”, дейилади хабарда
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин эса “Хвасон-18" қитъалараро баллистик ракетасининг муваффақиятли учирилиши, агар Қўшма Штатлар Пхеньянга қарши “нотўғри қарор қабул қилса” КХДР нимага тайёр эканини кўрсатганини айтди.
“АҚШ ва унинг сунъий йўлдошларининг ёвуз, қарама-қаршилик амбициялари ўз-ўзидан йўқолмайди ва биз душманларимизнинг масъулиятсиз ҳарбий таҳдидлари Корея яриморолида тинчлик ва хавфсизлик пойдеворини бузаётганини кузатиб ўтирмаслигимиз керак. Бизнинг бир неча бор қаттиқ огоҳлантириш ва қоралашимизга қарамай, йил давомида ҳарбий қарама-қаршилик истериясини кенгайтираётган душман кучларга аниқ сигнал бердик. Машқ биз қанчалик тез ҳаракат қилишга тайёр эканимизни, агар Вашингтон бизга қарши қарор қабул қилса, танловимиз қандай бўлишини аниқ кўрсатди”, дейди Ким Чен Ин.
Унинг сўзларига кўра, Пхенян Вашингтон томонидан навбатдаги душманлик ҳаракатлари содир бўлган тақдирда, “илғор ва таҳдидли вариантлардан” фойдаланган ҳолда “фаолроқ ҳужумкор ҳаракатлар” билан жавоб бериши керак. Машғулотлардан сўнг КХДР раҳбари ядровий кучларни жадал мустаҳкамлаш бўйича “янги муҳим вазифалар”ни қўйган.
Япония Мудофаа вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, 18 декабрда синовдан ўтган ракетанинг оддий траектория бўйлаб учирилган масофаси 15 минг километрдан ошиши мумкин, бу бутун Америка ҳудудини қамраб олади. АҚШ, Жанубий Корея, Япония ва бошқа қатор давлатлар КХДР ҳаракатларини қоралади. Корея Республикаси Мудофаа вазири Шин Вон Сикнинг маълум қилишича, учиришга жавобан Сеул Пхеняндаги ҳарбий-сиёсий етакчиликни йўқ қилиш бўйича операцияларни машқ қилиш учун махсус кучлар машқларини ўтказиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Қўшма Штатлар ҳам Шимолий Кореянинг сўнгги ракета учиришларини қоралади. Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Метю Миллернинг айтишича, Шимолий Кореянинг бу ҳаракатлари минтақадаги хавфсизликка путур етказади.
“АҚШ КХДРнинг 17 ва 18 декабрь кунлари баллистик ракета учирилишини, жумладан қитъалараро баллистик ракетани учирилишини кескин қоралайди, чунки бу минтақавий хавфсизликка путур етказади. Қўшма Штатлар барча мамлакатларни Пхеняннинг баллистик ракета учирилишини қоралашга чақиради”, дейди Миллер.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 декабрь куни Американинг Virginia тоифасидаги Missouri атом сувости кемаси Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрига етиб борганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь