Киевга оммавий зарба: Россия нишонлар рўйхатини очиқлади
Олам
−
18:02 1803 1 дақиқа
Россия Киев шаҳри ва Киев вилоятидаги транспорт инфратузилмаси объектлари ҳамда логистика марказларига оммавий зарба берди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужум юқори аниқликдаги қуруқликдан учириладиган қуроллар ва узоқ масофали учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида амалга оширилган.
Россия Мудофаа вазирлиги Киевдаги нишонлардан бири “Дарница” локомотив депоси бўлганини билдирган. Вазирлик иддаосига кўра, ушбу корхонада Украина Қуролли кучлари эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган локомотивлар таъмирланган ва уларга техник хизмат кўрсатилган.
Шунингдек, Киев вилоятидаги нишонлар қаторида “Nova Poshta” компаниясининг йирик саралаш мажмуаси ҳисобланган “Бровары” логистика маркази ҳам тилга олинган. Россия томони бу ерда узоқ ва ўрта масофали дронлар учун бутловчи қисмлар ҳамда тайёр маҳсулотлар сақланганини даъво қилган.
Бундан ташқари, Россия Мудофаа вазирлиги бугун, 22 август куни Черноморск ва Южний портларида Украина Қуролли кучлари учун мўлжалланган ҳарбий мулк омборлари ҳамда ёқилғи-мойлаш материаллари сақланадиган резервуарларга ҳам зарба берилганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 август куни Россия дронларининг Украина марказидаги Кривой Рог шаҳридаги савдо марказига берган зарбалари оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлиб, 130 дан ортиқ одам жароҳатланганди.
Live
Барчаси