Киев яқинида украинларнинг яна бир оммавий қабри топилди
Олам
−
11 Апрель 2022
15724Украинанинг Россия армиясидан озод қилинган Киев вилояти ҳудудларида тинч аҳолининг яна бир оммавий қабри топилди. Бу ҳақда Украина Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашенко маълум қилди.
Унга кўра, Бузова қишлоғида оммавий қабр топилган.
“Яқин атрофда 17 ёшли ўсмир тириклайин ёқиб юборилган, аёлнинг боши узилиб кетган машина бор”, дея Герашенконинг сўзларидан иқтибос келтирган “Укринформ”.
Унинг қайд этишича, маҳаллий ҳукумат февраль ойи охиридан бери камида 50 нафар тинч аҳоли россиялик ҳарбийлар қўлидан ҳалок бўлган, деб ҳисоблайди.
Украина расмийлари аввалроқ Ирпень, Буча ва Гостомел шаҳарлари ҳамда бир қатор қишлоқларда, шу жумладан, апрель ойи бошида рус қўшинлари ташлаб чиққан қишлоқларда тинч аҳолининг қирғинлари қайд этилгани ҳақида хабар берган эди.
Бош прокурор Ирина Венедиктованинг сўзларига кўра, Киев вилоятида аллақачон 1222 нафар тинч аҳолининг жасади топилган.
“Буча қирғини”
Жорий йилнинг 1 апрель куни Буча мэри Анатолий Федорук Украина ҳарбийлари россиялик босқинчиларни чиқариб юборганини тасдиқлади. Чекинган руслар фуқаролик иншоотларини, инфратузилма объектларини ва аҳоли пункти ичидаги баъзи ҳудудларни миналаган.
Озод қилинган шаҳарда украиналик ҳарбийлар ҳудудни диверсантлар ва россиялик шериклардан тозалашга киришган.
2 апрель оқшомида Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр бутун Киев вилояти рус босқинчиларидан озод қилинганини очиқлади.
Шундан сўнг босқинчиларнинг ваҳшийликлари ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Руслар одамларни ўлдирган ва зўрлаган, ҳақорат қилган ва қийноққа солгани айтилди. Дмитрий Комаров Бучадан даҳшатли кадрларни кўрсатди ва аҳоли нонни кўрганда шунчаки йиғлаётганини айтди. Кейинчалик тармоқда пайдо бўлган Бучадан олинган ҳайратланарли фотосуратларда боғланган одамлар ўлдираётгани маълум бўлди. Украиналиклар оммавий қабрларга дафн қилинган. Баъзи жасадлар кўчаларнинг ўртасида қолган.
Буча воқеалари ҳақиқати ошкор бўлгач, дунё давлатлари уни қоралади. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини ишлаб чиқишни бошлади.
Россия Мудофаа вазирлиги Бучадаги воқеаларни Москвага қарши провокация ва саҳналаштирилган деб атади.
LiveБарчаси