Киев ва Самарқанд ўртасида парвозлар йўлга қўйилганига изоҳ берилди

Жамият

image

Аввалроқ Украинанинг “Bees Airline” лоукостер авиакомпанияси Киев ва Самарқанд ўртасида парвозларни йўлга қўйгани ҳақида компания сайтига таяниб, хабар бергандик.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Матбуот хизматининг хабар беришича, Украинанинг “Bees Airline” авиакомпанияси томонидан Ўзбекистон Республикасига мунтазам парвозларни йўлга қўйиш юзасидан мурожаатлар бўлмаган.

Қайд этилишича, авиакомпания томонидан тарқатилган хабарда мазкур йўналишдаги қатнов қай тартибда (мунтазам ёки чартер) амалга оширилишига ҳам ойдинлик киритилмаган.

“Қолаверса, авиакомпания томонидан Киев-Самарқанд-Киев йўналишида бир марталик чартер парвозларни бажаришни ташкил этиш юзасидан ҳам “Ўзавиация” агентлигига шу вақтга қадар ҳеч қандай сўров келиб тушмаган”, дейилади вазирлик хабарида.

Хабарга кўра, хорижий мамлакатлар авиакомпаниялари Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик (чартер) рейсларни амалга ошириш учун ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигининг тегишли рухсатномасини олиши ва ана шундан сўнг, авиачипталар сотувини бошлаши лозим. 

“Ваколатли органнинг чартер қатновини бажариш бўйича тегишли рухсатномаси мавжуд эмаслиги натижасида авиакомпаниялар томонидан эълон қилинган йўналишдаги парвознинг бекор қилиниши йўловчилар орасида ижтимоий кескинликнинг вужудга келишига олиб келади”, дейилади хабарда.         

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги хорижий авиакомпаниялардан йўловчиларнинг ҳуқуқлари ва ташувчининг мажбуриятларига қатъий риоя этишни сўраган. 

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистон ва Украина авиация маъмуриятлари ўртасида фақатгина  “Тошкент – Киев” йўналишида парвозларни амалга ошириш юзасидан келишув мавжуд.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

77

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг