Киев мэри аҳолини шаҳардан вақтинча кетишга чақирди

Олам

−

image

Киев мэри Виталий Кличко Россия ҳужумлари кучайиб, қиш мавсумида электр, иситиш ва сув таъминотида жиддий узилишлар юз бериши мумкинлиги сабабли аҳолига шаҳардан вақтинча кетишни тавсия қилди. Бу ҳақда у кеча, 8 октябрь куни “France-Presse“ агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Кличконинг айтишича, Киевдан ташқарида дўстлари ёки қариндошлари бор аҳоли вақтинча уларнинг ёнига кўчиб туришни кўриб чиқиши керак. Бироқ мэр шаҳарни тўлиқ эвакуация қилишга чақирмаслигини билдирган.

“Бу Путиннинг мақсади... Унинг учун энг яхши сценарий – барчамиз кетишимиз ва бўшаб қолган шаҳарларимиз ҳамда мамлакатимизни унга топширишимиз”, деган Кличко.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги ҳафталарда Россия Киевга кундузи ҳам ракета ва дронлар билан ҳужум қилишни кучайтирган. Зарбалaрда кўприклар, шаҳар маркази ва энергетика инфратузилмаси нишонга олинмоқда. Ҳужумлар электр таъминотида узилишларга сабаб бўлмоқда, ҳафта бошида эса пойтахтнинг айрим ҳудудларида бир неча соат давомида сув бўлмаган.

Кличко қиш мавсумида ўтган йилги вазият такрорланишидан хавотир билдирган. Ўшанда ҳаво ҳарорати минус 20 даражагача тушган, электр ва иситиш таъминоти эса бир неча кун давомида узилиб қолган эди.

“Қанчалик яхши тайёргарлик кўрмайлик, агар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишламаса, вазият ёмон тус олиши мумкин”, деган мэр.

Киев шаҳар маъмуриятининг соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, Россиянинг 2022 йилдан буён амалга оширган ҳужумлари оқибатида пойтахтда камида 534 киши ҳалок бўлган. Жорий йилнинг ўзида 189 киши қурбон бўлган. Бу 2025 йил давомида қайд этилган кўрсаткичдан кўп.

Шаҳар маъмурияти қишга тайёргарлик доирасида муқобил иситиш тизимларини барпо этиб, ёқилғи, озиқ-овқат ва ичимлик суви захираларини тўпламоқда. Кличко эса сув таъминоти инфратузилмасига зарар етиши катта инқирозга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Шунингдек, Россиянинг Днепр дарёси устидаги кўприкларга берган зарбалари шаҳарнинг икки қирғоғи ўртасидаги транспорт ҳаракатига таъсир кўрсатмоқда. Шаҳар маъмурияти тирбандликни камайтириш учун муқобил понтон ўтиш жойларини ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ британиялик сиёсатшунос Александр Меркурис Украина Президенти Владимир Зеленский Киевни тарк этиб, мамлакатнинг ғарбий ҳудудларига қочиб кетиши мумкинлигини айтган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг