Китобларни пуллик ижарага бериш Конституцияга зид – Кушербоев
Жамият
−
03 Сентябрь 2022
14652Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев мактабларда ўқув дарсликларнинг пуллик ижарага берилиши Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституциясига зид эканини айтди. У бу ҳақда Telegram-каналида ёзган.
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида "Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади", деб белгиланган. Ушбу Конституцион норма талабларидан келиб чиқилса, давлат умумтаълим мактабларида таълим бериш билан боғлиқ барча жараёнлар бепул ҳисобланади. Бунда дарсликлар билан ўқувчиларни таъминлаш ҳам”, дейди депутат.
Қонунчилик палатаси депутатининг фикрича, мактабларда дарслик китобларни пуллик ижарага бериш Конституцияга зид.
"Бу бизнинг нуқтаи назаримиз ва уни тўғри, деб ҳисоблаймиз. Бироқ бу борадаги якуний хулосани Конституциявий судимиз билдирганида янада мақсадга мувофиқ иш бўларди", деган Расул Кушербоев.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 2 сентябрь куни 2022-2023 ўқув йили мактаб дарсликларнинг ижара нархи маълум бўлди. Унга кўра, таълим тили ўзбек синфлар учун дарсликлар тўпламларининг ижара нархлари 108 фоизга оширилди. Ота-оналар ва жамоатчилик орасида норозиликни келтириб чиқарган ушбу масала бўйича Халқ таълими вазирлиги муносабат билдириб, нарх ошишини янги дарсликларнинг чоп этилиш ҳаражатлари, хусусан дунё бозорида қоғоз нархи ва қоғозни Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича транспорт ҳаражатларининг кескин ошиб кетиши билан изоҳлади.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь