Китобда Cobalt уриб юборган ўқувчи вафот этди (видео)

3-саҳифа

image

Кеча, 14 октябрь куни Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида Cobalt катта тезликда ўзидан олдиндаги машинани қувиб ўтишга уриниб, йўл четида мактабдан қайтаётган 9-синф ўқувчисини уриб юборди. Ҳодиса оқибатида ўқувчи вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.

Манбанинг билдиришича, ушбу ҳодиса ортидан бола оғир аҳволда шифохонага олиб борилган. Бироқ бугун, 15 октябрь куни соат 10:00-11:00 лар атрофида унинг вафот этгани ҳақида хабар берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳам муносабат билдирди. Лекин унда боланинг вафоти ҳақида маълумот берилмаган.

Хусусан, Қашқадарё ЙҲХБга кўра, кеча, 14 октябрь куни соат 12:00 ларда Китоб тумани “Наримон” МФЙ ҳудудидан ўтувчи маҳаллий аҳамиятдаги 70V004 (4K273) “Китоб-Паландарақ-Наримон” автомобиль йўлининг 21-километрида Cobalt русумли автомобиль ҳайдовчиси “Наримон-Китоб” йўналишида кетаётиб, ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланаётган автомобилни қувиб ўтиш мақсадида қарама-қарши йўлга чиққан. Оқибатда руль бошқарувини йўқотиб, пиёдани уриб юборган ва йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

“Пиёда тан жароҳати олиб туман шифохонасига ётқизилган. Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида Nexia-3 русумли автомобиль ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган икки нафар мактаб ўқувчисини уриб кетган эди. ЙТҲ оқибатида вояга етмаган пиёда Н.И. чап оёғидан жароҳат олган ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон филиалига ётқизилган. Иккинчи пиёда Н.Я. эса хеч қандай тан жароҳати олмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё Китоб йўл-транспорт ҳодисаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг