Кисида Зеленскийга Украинани қўллашда давом этишини айтди
Олам
−
29 Август 2023
3957Бугун, 29 август куни Япония Бош вазири Фумио Кисида Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Япония Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Япония ҳукумати раҳбари Зеленскийни 24 август куни нишонланган Украина Мустақиллиги куни билан табриклаб, Япониянинг Украина томонини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлиги ҳақидаги позицияси “ўзгаришсиз қолиши”ни таъкидлаган. Кисида ва Зеленский келажакда ҳам яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олган.
Президент Зеленский эса суҳбат давомида ҳар томонлама ёрдам, хусусан, Украинанинг “Тинчлик Формуласи”ни қўллаб-қувватлагани учун Кисидага миннатдорлик билдирган ва Японияни глобал тинчлик саммитини тайёрлашда иштирок этишга таклиф қилган.
“Биз Япония раислиги даврида қабул қилинган Украина учун хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги G7 декларациясини қадрлаймиз. Ушбу декларация доирасида тегишли икки томонлама шартномалар тузиш вақти келди. Биз Япония билан бу музокара жараёнини имкон қадар тезроқ бошлашга тайёрмиз”, деб ёзган Зеленский ўзининг Telegram-каналида.
“Kyodo” агентлиги Кисида ва Зеленский ўтказилган телефон суҳбатларида Украина инфратузилмасини тиклаш учун ишлатилиши керак бўлган Япониядан молиявий ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилишлари мумкинлигини ёзган.
Маълумот учун, Кисида ва Зеленский охирги марта жорий йилнинг июль ойи охирида Вильнюсда НАТО саммити чоғида гаплашган, аммо кейин жадвалдаги муаммолар туфайли томонлар тўлақонли музокаралар олиб бора олмаган. Бунгача икки давлат раҳбарлари май ойи охирида Хиросимада шахсан учрашган, у ерга Украина Президенти G7 саммитида иштирок этиш учун борган.
LiveБарчаси