Кинолардагидек! Детроит шаҳри музлаб қолди (видео)

Олам

image

АҚШнинг Мичиган штати Детроит шаҳри жануби-ғарбида юз берган сув тошқинидан сўнг кузатилган аномал совуқ оқибатида бутун бир аҳоли пункти 1-1,5 метргача муз билан қопланди. Бу ҳақда “The Mirror US” хабар берди.

Маҳаллий аҳолига кўра, жорий йилнинг 17 февраль куни эрталаб 1930 йилларда ўрнатилган 54 дюм (137 см) диаметрли асосий сув қувури Бирд кўчаси 1020-уй ва Норт Грин кўчалари яқинида ёрилиб, атрофдаги турар жой ҳудудларига сув тошиб кирган. Баъзи жойларда сув 1,5 метргача етиб, автомобиллар сув остида қолган ва ертўлалар тўлган. Бироқ кейин кескин совуқ тушган. Ҳарорат -17 даражагача пасайиши ортидан сув музлаб, бутун шаҳар қалин муз остида қолган.

18 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида Детроит мери Майк Дугган вазиятни тушунтирган ва қутқарув ишлари якунланиб, энди хизмат кўрсатиш босқичига ўтилаётганини маълум қилган.

“Биз қутқарув босқичидан хизмат кўрсатиш босқичига ўтдик”, дейди Дугган.

Унга кўра, қутқарувчилар 63 нафар катталар, 31 нафар болалар ва 13 та уй ҳайвонини эвакуация қилган.

“Planet Detroit” нашри маълумотларига кўра, 398 та зарар кўрган уй орасида 296 нафар фуқаро шаҳар томонидан молиялаштирилган меҳмонхоналарга жойлаштирилган, яна 72 та уй эса электр таъминотисиз қолмоқда. Ўт ўчирувчилар резина қайиқлар ва ҳатто қурилиш техникаси ёрдамида 90 нафар одамни музли сув остида қолган ҳудудлардан олиб чиққан.

Детроит Сув ва канализация департаменти (DWSD) авария оқибатларини бартараф этишга киришган. Таъмирлаш ишлари олти ҳафта давом этиши тахмин қилинмоқда. DWSD директори Гарри Браун ҳалокатга нима сабаб бўлгани ҳақида ҳозирча аниқ хулоса чиқариш мумкин эмаслигини айтган.

Бу вақтда эса ижтимоий тармоқларда Детроитнинг музлаган қиёфаси глобал муҳокамага сабаб бўлмоқда. “Детроит аввал сув остида қолди, кейин музга айланди!” тармоқларда деган сарлавҳа билан тарқалган видеоролик 10 миллиондан ортиқ томоша қилинган.

Видеода муз қатламлари остида қолган автомобиллар, музга айланган йўлаклар, бутунлай ҳувуллаган аҳоли пунктлари акс этган.

Бир интернет фойдаланувчиси “детроит биз илгари билмаган янги об-ҳаво комбинациясини очди”, деб ёзган бўлса, бошқаси “мен саккиз йилдан бери Шимолий Огайода яшайман, лекин бундай нарсани кўрмаганман”, дея ҳайрат билдирган.

Бироқ маҳаллий аҳоли учун бу воқеа ҳазил эмас. Detroit Edison компаниясининг фавқулодда иссиқлик таъмирини мувофиқлаштираётган ишчиси Reddit орқали шундай ёзган: “Бу кўринганидан ҳам ёмонроқ ва кўринишининг ўзи даҳшатли”.

Техник хизмат кўрсатиш гуруҳлари ертўлалардаги сувни чиқариш, иситиш тизимларини таъмирлаш ва электр таъминотини тиклашга тайёргарлик кўрмоқда. Бироқ юзлаб оилалар учун нормал ҳаётга қайтиш қачон амалга ошиши ҳозирча номаълум.

Детроит музлаб қолган бир пайтда, кучли қиш бўрони шарққа силжиб, Жоржия, Делавэр ва яна камида 9 штатда қор ва муз огоҳлантиришлари эълон қилинган. Бу бўрон аллақачон Миссурини 28 см, Канзасни 20 см, Оклаҳомани эса 5 см қорга кўмиб ташлаган. Музли ёмғир йўлларни қоплаган бўлиб, автомобиль ҳайдаш имкониятини хавфли ҳолга келтирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Истанбул шаҳрида 19-21 февраль кунлари кучли қор ёғиши муносабати билан Истанбул халқаро аэропорти ва Сабиҳа Гўкчен аэропортларида Ўзбекистондан ва бошқа мамлакатлардан юзлаб авиарейслар бекор қилинган эди. Шунингдек, ҳар икки аэропортда ҳам парвоз экипажларининг иш графиги авиакомпаниялар томонидан қайта кўриб чиқилган, оғир иш жадвалига эга экипажларга ўзгартиришлар киритилган. Навбатчи экипажлар сони оширилган ва керакли чоралар авиакомпаниялар томонидан амалга оширилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Мичиган Детроит

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг