Ким ёлғончи? Гроссмейстер ёки федерация (видео)
Спорт
−
02 Февраль 2022
8143Аввалроқ, шахмат бўйича гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова Ўзбекистон шахмат федерациясидан кетиши ва мусобақаларда АҚШ номидан иштирок этишига федерация раиси ўринбосари Ҳусан Турдиалиев сабаб бўлгани ҳақида айтиб ўтган эди.
Бироқ, Ҳусан Турдиалиев жорий йилнинг 10 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида федерация уни гроссмейстер даражасига етказгани ва шахматчи ўзи истаган жойда шахмат ўйнаши мумкинлигини маълум қилган.
“Ўзбекистонлик аёл гроссмейстерлар сони ҳозирга келиб 5 нафардан ошди. Нилуфар Ёқуббоева гроссмейстерлик нормасини бажарди. Сочида ўтган Жаҳон кубогида Гулруҳбегим Тоҳиржонова ҳам иштирок этган ва россиялик Горячкинага ютқазиб мусобақани тарк этган. Рапид ва блиц бўйича Жаҳон чемпионатига келгани йўқ. Унинг чет элга кетгани учун манфаатдор томонлар буни пропаганда қилишди. Элдор Шомуродов четда футбол ўйнаётганидек, шахматчи ҳам истаган жойида ўйнайди. Лекин у Ўзбекистон фуқароси саналади. Унинг Америкадаги ўқиши учун ўша федерация 150 000 доллар пул берган. Тоҳиржонованинг отаси шундай деган. Бизда эса ундай имконият йўқ. Шахматчида ватанпарварлик бўлиши керак. Биз уни гроссмейстер даражасига етказдик. Опаси Нафиса Мўминова учун гран-при мусобақасини уюштирдик. Битта шундай турнирни ўтказиш учун энг камида 500 000 евро маблағ кетади. Мўминова шу гран-придан кейин машҳур бўлди. Америкадаги ўқишини тугатиб ортга қайтса, биз уни бажонидил қабул қиламиз”, дея айтиб ўтган эди Турдиалиев.
Шунингдек, федерация бош котиби Суннатулло Бозорбоев шахматчига шатматчи сифатида қараш ва ота-она менежерлик қилмаслиги кераклигини таъкидлаганди:
“Шахматчига ўзининг салоҳияти жиҳатдан қараш ва ота-онаси унга ултиматум қўйиб, ўртада менежер сифатида тақдирини ҳал қилмаслиги керак. Нодирбекка ҳам йиллар давомида турли давлатлардан таклифлар бўлган. У доимий равишда бу нарсани рад этиб келади. Федерация нодавлат-нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Агар ҳомийлик бўлмаса, ўз ходимларининг маошларини беришга имконият бўлмайди. Биз шахматсилар яхши натижага эришишини истаймиз. Берилган маблағларнинг барчаси шахматчилар учун ишлатилади. Назорат қилувчи ташкилотлар бор ва пуллар олиб кетилмайди”.
Эслатиб ўтамиз, Тоҳиржонова FIDE рейтингида TOP-100 шахматчи қаторида эътироф этилмаган, бироқ унинг ҳисобида 2335 очко бор.
Маълумот учун, 2021 йилда Ўзбекистон шахмат федерацияси учун 4 167 725 925 сўм ( 4 миллиард 167 миллион 725 минг 925) сўм маблағ ажратилган бўлиб, унинг 2 миллиарди ҳомийлик маблағлари ҳисобланади.