Ким Чен Ин Россияга 15 минг мигрантни “совға қилди” – WSJ
Олам
−
05 Май
9553Шимолий Корея Россияга 15 мингга яқин меҳнат муҳожирларини жўнатди. Бу ҳақда Жанубий Корея разведкасига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Билдирилишича, КХДР фуқароларининг аксарияти ҳозир Узоқ Шарқда ишламоқда. Аммо Шимолий Корея ишчилари тез орада Россиянинг йирик шаҳарларда ҳам пайдо бўлиши кутилмоқда. Қайд этилишича, маҳаллий иш берувчилар КХДРдан келган ишчиларни паст маошга рози бўлгани, 12 соат ишлашга тайёрлиги ва иш шароитларидан шикоят қилмагани учун ёллашга қарор қилган.
Қолаверса, “Yonhap” агентлиги ҳам разведкага таяниб, Пхеньян ишчи кучи етишмаслиги туфайли Россияга минглаб ишчиларни юборгани ҳақида ёзган. Россия Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб мамлакатда ишчи кучи танқислиги ҳозирги 1,5 миллион кишига нисбатан 2,4 миллионга етиши мумкин.
Россиянинг статистик маълумотларига кўра, 2024 йилда Россияга кириб келган шимолий кореяликлар сони ўтган йилга қараганда 12 бараварга ошган.
Маълумот ўрнида, Шимолий Корея Россияга ишчилардан ташқари ўз ҳарбийлари ва қурол-яроғларини ҳам юборади. Жанубий Корея разведкаси хабар беришича, 2024 йилда Украинага қарши урушда иштирок этиш учун Россия Федерациясига 12 минг, 2025 йилда яна 3 минг Шимолий Кореядан ҳарбийлар етиб келган. КХДРнинг 4700 га яқин аскарлари жароҳатланган, шу жумладан 600 киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея Россиянинг Курск яқинида ўтган ҳарбий операцияда ўз ҳарбийларининг иштирокини расман тан олган эди. КХДР етакчиси Ким Чен Ин Шимолий Корея Қуролли кучларининг бу операциядаги иштирокини “КХДР ва Россия ўртасидаги анъанавий дўстлик ва бирдамликни монолит тарзда мустаҳкамлаш учун муқаддас миссия” деб атаган. КХДР баёнотига кўра, ушбу ҳаракатлар КХДР ва Россия ўртасидаги “Ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисида”ги шартноманинг 4-моддасини амалда қўллашга мос келади. https://qalampir.uz/news/kim-niҳоят-аскарларини-курскка-юборганини-тан-олди-118104 Шундан сўнг, Россия Президенти Владимир Путин Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инга ва Шимолий Кореянинг барча раҳбариятига Курск вилоятидаги жангларда кореялик жангчилар кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирганди.
Маржона Муродова
LiveБарчаси