Ким Чен Ин Путин учун қароргоҳ қурдирмоқда

Олам

image

Шимолий Корея пойтахти Пхеньянда бир вақтнинг ўзида учта ҳашаматли бино қурилмоқда. Улардан бири Россия Президенти Владимир Путин учун мўлжалланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда NK News хабар берди.

Маълум қилинишича, бинолар Пхеньяндаги Кимсусан меҳмонлар мажмуаси ҳудудида барпо этилмоқда. Ҳар бир қароргоҳнинг майдони тахминан 13 минг квадрат метрни ташкил этади. Сунъий йўлдош тасвирлари таҳлили ушбу объектлар яқин ойлар ичида юқори мартабали хорижий етакчиларни қабул қилишга тайёрланаётганини кўрсатмоқда.

Қароргоҳлар қурилиши билан бир вақтда, яқин ҳудудда янги қабристон ва музей ҳам бунёд этилмоқда. Улар Украинага қарши урушда ҳалок бўлган шимолий кореялик ҳарбийлар хотирасига бағишланади.

Лойиҳа 2025 йил октябрь ойи охирида ишчилар учун катта қурилиш лагери ташкил этилиши билан бошланган. Ноябрь ўрталарига келиб эса биноларнинг бир неча қавати аллақачон қад ростлаган.

Ҳозирча Шимолий Корея расмийлари Ким Чен Ин билан учрашиш учун хорижий етакчилар ташрифи ҳақида эълон бермаган. Бироқ Украинадаги уруш фонида КХДР ва Россия ўртасидаги алоқалар кучайгани сабабли Владимир Путин янги резиденциянинг асосий эҳтимолий меҳмони сифатида кўрилмоқда. Уларнинг сўнгги юзма-юз учрашуви 2025 йил сентябрида Пекинда, ҳарбий парад вақтида бўлиб ўтган.

Шунга ўхшаш ҳашаматли қароргоҳ 2019 йилда Хитой раиси Си Цзиньпин учун ҳам Пхеньянда қурилган ва у атиги тўрт ойда фойдаланишга топширилган эди. Ҳозирги қурилиш ҳам жуда тез суръатларда олиб борилмоқда. Бу ҳолат Ким Чен Ин ушбу лойиҳани асосий устувор вазифа деб билаётганини ва уни яқин бир неча ой ичида якунлаш ниятида эканини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 ноябрь куни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ва унинг қизи Ким Чжу Э мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучлари ташкил топганининг 80 йиллигида иштирок этганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг