Ким Чен Ин қизи билан навбатдаги тадбирда кўриниш берди
Олам
−
18 Февраль 2023
6101Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ва унинг қизи “Ёрқин юлдуз” куни (КХДР марҳум етакчиси Ким Чен Ирнинг туғилган куни) муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси ва Мудофаа вазирлиги жамоалари ўртасида ўтказилган спорт мусобақасида иштирок этди. Бу ҳақда бугун, 18 февраль куни Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, спорт байрами доирасида футбол ва арқон тортиш мусобақаси бўлиб ўтган. Иккала ўйинда ҳам Мудофаа вазирлиги жамоаси ғалаба қозонган: футбол бўйича 3:1, арқон тортишда 2:0. Томошабинлар орасида Бош вазир Ким Док Хун, мудофаа вазири Кан Сун Нам, Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси Президиуми аъзоси Чо Ён Вон, Марказий қўмита котиблари, ҳукумат аъзолари, вазирлик вакиллари, мансабдор шахслар ва зобитлар ҳам бўлган. Давлат матбуотида тарқалган суратлар Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чон ҳам тадбирда қатнашганини тасдиқлаган.
Жанубий Корея матбуотига кўра, спорт мусобақаси Ким Чен Иннинг қизи Ким Чжу Э иштирок этган олтинчи оммавий тадбир бўлган. Бунга қадар Шимолий Корея раҳбари қизини асосан ҳарбий тадбирларга олиб борган эди. Бироқ бу сафар ота-қиз биринчи марта қуролли кучларга алоқадор бўлмаган жараёнда намоён бўлди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Чжу Э ракета синови ва ҳарбий парадда иштирок этган эди.
LiveБарчаси