Ким 30 йилдан ортиқ давом этган дипломатик анъанани ўзгартирди
Олам
−
4608 2 дақиқа
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин 10 та давлат элчисининг ишонч ёрлиқларини шахсан қабул қилди. Бу орқали у мамлакатда 30 йилдан ортиқ вақт давомида амал қилиб келган дипломатик анъанани ўзгартирди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг “Financial News” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 22 ноябрь куни Пхеньяндаги Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси биносида ўтказилган маросимда Россия, Швеция, Бразилия, Ҳиндистон, Вьетнам, Индонезия, Чехия, Филиппин, Таиланд ва Бангладеш элчилари иштирок этган.
Ким Чен Ин дипломатик вакиллар билан алоҳида учрашган ва улар билан эсдалик учун суратга тушган. Маросимда Шимолий Корея Ташқи ишлар вазири Чхве Сон Хуэй ҳам қатнашган. Маълумотларга кўра, Шимолий Корея асосчиси Ким Ир Сен даврида хорижий элчиларнинг ишонч ёрлиқларини бевосита мамлакат раҳбари қабул қилган. Ким Чен Ин ҳокимиятга келгач, бу вазифа Олий Халқ Ассамблеяси Доимий қўмитаси раисига ўтказилган.
Жорий йилнинг март ойида Конституцияга киритилган ўзгартиришлар билан ушбу ваколат яна Давлат ишлари комиссияси раисига қайтарилган. Ким Чен Ин эса янги ваколатидан биринчи марта мазкур маросимда фойдаланган. Маросимда сўзга чиққан Ким Чен Ин мамлакат барқарор ва мувозанатли иқтисодий ўсишга интилаётганини, шунингдек, ташқи алоқаларни ривожлантиришга аҳамият қаратаётганини таъкидлаган. Унинг айтишича, хорижий дипломатларнинг имтиёзлари ва дахлсизлиги халқаро ҳуқуқ доирасида кафолатланади.
Шунингдек, у Шимолий Корея ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик эканини билдирган. Мамлакат суверенитетини ҳурмат қиладиган давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини айтган.
Ким Чен Ин минтақада ҳукмронлик ўрнатиш ёки ҳудудларни кенгайтириш мақсадлари йўқлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, миллий хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан ҳарбий салоҳиятни ошириш зарурлигини ҳимоя қилган.
Жанубий Кореянинг Бирлашиш вазирлиги мазкур маросимни Ким Чен Иннинг давлат раҳбари сифатидаги мавқеини ички ва халқаро миқёсда мустаҳкамлашга қаратилган қадам сифатида баҳолаган.
Мутахассислар фикрича, турли қитъаларда жойлашган давлатлар элчиларининг маросимда иштирок этиши Шимолий Кореянинг дипломатик алоқаларини диверсификация қилишга интилаётганини кўрсатиши мумкин.
Live
Барчаси