Хусусий транспорт ҳамма эриша оладиган масала бўлмаслиги керак – Алишер Қодиров
Жамият
−
14 Декабрь 2023
19099Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров хусусий транспорт ҳамма учун ва хоҳлаган пайтида эриша оладиган масала бўлмаслиги кераклигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 13 декабрь куни парламентдаги Ҳукумат соатида сўз очди.
Ҳукумат соатида депутатлар аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, жамоат транспорти йўналишлари тармоғини кенгайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масалани муҳокама қилган.
Мажлисда қатнашган Алишер Қодиров тирбандликларнинг олдини олиш учун хусусий транспорт воситалари мақомини ҳал қилиш кераклигини айтган.
“Бугун жамоат транспортини ривожлантириш ва уни шакллантириш муаммоларини ҳал қилиш устида жуда кўп бош қотиряпмиз ва катта ишлар қилиняпти. Лекин биз хусусий транспорт масаласидаги мақомни ҳал қилолмасак, жамоат транспорти масаласида қанча ҳаракат қилишимиздан қатъи назар, кўзлаган мақсадимизга етолмаймиз”, деган Қодиров.
Унинг айтишича, Ўзбекистонда хусусий транспорт сони сўнгги ўн йил ичида 5 баравар кўпайган бўлиб, бу келажакда катта таҳдид бўлиши мумкин.
“Биз ҳали Жаҳон савдо ташкилотининг протоколига уйғунлашишни бошлаганимиз йўқ. Эртага ЖСТ платформасига киргандан кейин машиналарни сотиб олиш яна ҳам имкониятли бўлади. Ва бугунги тирбандлик масаласи жамоатчилик ҳаракатининг катта муаммосига айланади. Ҳозироқ ўзи муаммога айланди”, деб таъкидлаган депутат.
Шунингдек, у хусусий транспорт мақоми масаласидаги хорижий давлатлар тажрибасини мисол қилиб келтирган.
“Масалан, Хитой тажрибасини олиб қарайдиган бўлсак, у ерда автомашинани сотиб олиш қийин эмас. Чунки нархини улар ўзи белгилаб ололмайди, ЖСТнинг талаблари бор. Лекин автомобилга хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган хизматлар жуда ҳам қиммат ҳисобланади. “Парковка”си бўлсин, солиқлар жорий қилиш ёки пулли йўллар орқали. Автомобилни сотиб олиш осон, лекин ундан фойдаланиш қиммат хизматга айланган. Сингапурда ҳам худди шундай. Ушбу давлат ҳам тирбандлик масаласини хусусий транспортдан фойдаланишни қиммат қилиш ҳисобига ҳал қилган”, дейди Алишер Қодиров.
У Ўзбекистонни ҳам яқин 5-6 йилда шундай жуда катта муаммо кутаётганини ҳисобга олиб, Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга айнан шу масалаларга алоҳида эътибор бериб, хусусий транспорт мақоми масаласи бўйича жиддий таклифлар тайёрлашни маслаҳат берган.
“Хусусий транспорт ҳамма учун ва хоҳлаган пайтида эриша оладиган масала бўлиши керак эмас. Биз бунга қандай эришамиз? Жамоат транспортининг қулайлиги орқали. Агар жамоат транспорти қулай қилсангиз, одамларга хусусий транспортдан фойдаланиш жозибадор бўлмай қолади”, дейди Алишер Қодиров.
Қодиров ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига Ҳукумат соатидаги нутқи тасвирланган видеони жойлаштириб қуйидагича изоҳ қолдирган:
“Автомобиль арзон, лекин унга хизмат кўрсатиш қиммат бўлиши керак. Йўллардаги тирбандликни бартараф этиш, атмосфера ҳавоси ифлосланишини олдини олиш, экологияни асраш учун жамоат транспортидан фойдаланишни қулай, тартибли ва арзон қилиб, хусусий транспортларга айрим хизматларни қимматроқ қилиш керак”, деб ёзган депутат.
LiveБарчаси