Хусусий бандлик агентликлари учун лицензия олиш талаблари ўзгарди
Жамият
−
09 Декабрь 2020
5105Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширишда лицензия талаблари ва шартларига қўшимча бандлар киритилди. 2 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг 764-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартиришларида бу ҳақда сўз боради, деб ёзмоқда "Norma".
Ўзгартиришларга қуйидаги бандлар киритилди:
- хусусий бандлик агентлиги томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни лицензияловчи органнинг “labor-migration” ахборот тизимида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказиш;
- хизматлар кўрсатиш тўғрисида бажарилган шартномаларга оид архив материалларини шакллантириш ва сақлаш;
- хусусий бандлик агентлиги тўғрисидаги, шунингдек, унинг филиаллари ва ваколатхоналари ҳақидаги маълумотлар ўзгарганлиги тўғрисида лицензияловчи органни 7 иш куни ичида хабардор қилиши.
Маълум бўлишича, захирага қўйиладиган маблағларнинг энг кам миқдорига доир талабларга ҳам ўзгартиришлар киритилган.
Унга кўра, ариза берувчининг шакллантирилган устав фонди маблағлари ҳисобидан БҲМнинг 8 500 баравари миқдоридаги маблағлар (илгари 50 000 АҚШ доллари эди) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси депозит ҳисобрақамига захирага киритилади.
Лицензия олиш учун аризани кўриб чиқиш тартибига киритилган ўзгартиришг мувофиқ ариза берувчи ахборот-коммуникация тармоқлари орқали ЭРИдан фойдаланган ҳолда ариза билан мурожаат этиши лозим бўлади. Барча илова қилинадиган ҳужжатлар, шу жумладан, “Ягона миллий меҳнат тизими”га киритилган маълумотлар электрон шаклда тақдим этилади.
Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш учун лицензияловчи органга қуйидагиларни амалга ошириш ҳуқуқи берилди:
- хусусий бандлик агентликларининг ҳудудлари ва биноларига монеликсиз кириш;
- барча зарур ҳужжатлар билан танишиб чиқиш;
- мансабдор шахслардан текширув ўтказиш чоғида аниқланган қоидабузарликлар фактлари юзасидан ёзма тушунтиришлар олиш;
- қонунбузарликларни бартараф этиш учун етарли бўлган муддатларни белгилаш;
- текширувлар натижалари асосида хулоса тузиш;
- судга мурожаат қилиш юзасидан тегишли қарорларни қабул қилиш;
- лицензия олмай фуқаролар хорижда ишга жойлаштирилганлиги ёки лицензия битимида назарда тутилмаган хизматлар кўрсатилганлиги аниқланганлиги тўғрисидаги материаллар ва маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш.
Маълум қилинишича, ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3 декабрь кунидан кучга кирди.
LiveБарчаси