Христофор Колумбнинг сурати бўёқ билан бежалди
Бу қизиқ
−
14 Октябрь 5496 2 дақиқа
Испаниядаги Мадрид музейларидан бирида италиялик денгизчи ва сайёҳ Христофор Колумбнинг сурати бўёқ билан бежалди. Бу ҳақда “El País” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Futuro Vegetal экологик ташкилоти фаоллари Испания ҳарбий-денгиз флоти музейида рассом Хосе Гарнелонинг “Христофор Колумбнинг илк байрами” картинасига биологик парчаланадиган қизил бўёқ қуйиб, “Байрам қилишга ҳеч нарса йўқ!” деб ҳайқирган.
Қайд этилишича, мазкур акция маҳаллий халқларнинг ўз ҳудудларини босиб олгани учун товон тўлаш ҳақидаги тарихий талабларига бағишланган ва уларнинг табиий бойликларидан фойдаланаётган ҳозирги неоколониализмни қоралайди.
Музей хавфсизлиги фаолларни ҳибсга олиб, залдан чиқариб юборди. Кейинчалик улар маданий меросга қарши жиноятларда айбланган.
Ҳар йили 12 октябрда Испания мамлакатнинг миллий кунини нишонлайди. Негаки 1492 йил 12 октябрда италиялик сайёҳ Христофор Колумб Америкага илк бор қадам қўйган. 1937 йилдан бери АҚШда бу кун миллий байрам ҳисобланади.
Одатда “Колумб Американи кашф этган”, дейишади. У 1492-1502 йиллар оралиғида минтақага уюштирган тўрт саёҳати давомида Американи Ғарбий Европага танитди, дейиш аслида тўғрироқ бўлади. Шунингдек, у ғарбий европаликларнинг Америкага катта оқим бўлиб кўчиб келишига йўл очиб берган. Қўшма Штатлар, Канада ва Мексикани ўз ичига олган бир қанча янги давлатларнинг ташкил этилишида ҳам унинг ҳиссаси бор.
Аммо у Американи “кашф этди” дейиш нотўғри, чунки у борганида бу ерда аллақачон одамлар яшар эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ испаниялик рассом ва ҳайкалтароши Пабло Пикассонинг 80 йилдан бери кўрилмаган сурати Парижда кимошди савдосига қўйилиши хабар қилинганди. Юқори чап бурчакда имзо қўйилган 81х60 см ўлчамдаги расм жорий йил 24 октябрда кимошди савдосига қўйилади. Бошланғич баҳоси 8 миллион евро.
Live
Барчаси