Хорватиядаги сайловларда амалдаги Президент ғалаба қозонди

Олам

image

Хорватияда кеча, 12 январь куни бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида амалдаги давлат раҳбари Зоран Миланович ғалаба қозонди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.

Дастлабки расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 78 фоизи унга, 22 фоизи эса унинг рақиби, собиқ фан, таълим ва спорт вазири Драган Приморакка овоз берган.

Президентлик сайловларининг иккинчи босқичи олдидан хорватиялик тадқиқотчилар Ахборот барқарорлиги маркази (CIR) билан ҳамкорликда ботларнинг катта тармоғидан фойдаланган ҳолда Кремль тарафдори бўлган дезинформацион кампания белгиларини аниқлади.

“Россияпараст, Европа ва НАТОга қарши ботнетлар амалдаги президент Зоран Милановични мунтазам мақтагани ва Европа ҳамда НАТОга қарши хабарларни тарқатиш билан боғлиқ контентни кўпайтириши аниқланди”, дейилади Лондонда жойлашган CIR ҳисоботида.

29 декабрь куни бўлиб ўтган биринчи турда амалдаги давлат раҳбари Милановичга иккинчи муддатга қайта сайланиш учун 1 фоиз овоз етишмади. Ўшанда унинг энг яқин рақиби Приморак 19,4 фоиз тўплаган. Биринчи турда жами саккиз нафар номзод иштирок этди, қолган олти нафари эса 10 фоиздан кўп овоз ололмади.

Хорватиянинг амалдаги Президенти Зоран Миланович бу лавозимни 2020 йилдан бери эгаллаб келмоқда. 2016 йилгача у Хорватия Социал-демократик партиясини бошқарган. 

Миланович, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланишидан олдин Киевни танқид қилгани билан машҳур. Шундай қилиб, 2022 йил январь ойида у мамлакатни “дунёдаги энг коррупциялашган давлат” деб атади. Кейинчалик Миланович Европа Иттифоқи томонидан Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатилиши ва Москвага қарши санкциялар жорий этилишини танқид қилди.

Унинг сайловларнинг иккинчи босқичидаги рақиби Драган Приморак педиатр, суд-тиббиёт эксперти, тиббий генетика соҳасидаги мутахассис бўлиб, 2003 йилдан 2009 йилгача Хорватия фан, таълим ва спорт вазири лавозимида ишлаган. Бу даврда у таълим имкониятларини оширишга қаратилган қатор қарорлар қабул қилган ва аҳоли томонидан ижобий қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузиядаги сайловчилар коллегияси собиқ футболчи ва депутат Михаил Кавелашвилини мамлакатнинг янги президенти этиб сайлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хорватия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг