Собиқ футболчи Грузиянинг янги президенти бўлди

Олам

image

Бугун, 14 декабрь куни Грузиядаги сайловчилар коллегияси собиқ футболчи ва депутат Михаил Кавелашвилини мамлакатнинг янги президенти этиб сайлади. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.

Қайд этилишича, унинг номзоди ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси томонидан илгари сурилган ягона номзод бўлган. Кавелашвили 224 сайловчининг овозини олган, битта бюллетень ҳақиқий эмас деб топилган. Кавелашвили сайланиш учун кенгашнинг 300 нафар аъзосидан камида 200 овоз тўплаши керак эди.

Маълумот учун, 53 ёшли Михаил Кавелашвили футбол бўйича Россия чемпиони ва олти карра Грузия чемпиони (Тбилисининг “Динамо” жамоасида ўйнаган). 2016 йилдан Кавелашвили “Грузия орзуси” партиясидан парламент депутати этиб сайланган, 2022 йилда эса ҳукмрон партиядан ажралиб чиққан “Халқ кучи” партиясини бошқарган. Кавелашвили ва унинг шериклари “Грузия орзуси” рўйхатида парламентнинг янги чақирувига киришди. Кавелашвили ўзининг Ғарбга қарши риторикаси билан танилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 октябрь куни Грузияда парламент сайловлари бўлиб ўтганди. Унда ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси кўпчилик овозга эга бўлди. Мухолифат натижалар бўйича норозилик билдирган ва уларни сохталаштирилган деб ҳисоблаганди. Шунингдек, Грузиянинг амалдаги Президенти Саломе Зурабишвили расмий сайлов натижаларини тан олмаслигини ва ваколат муддати тугашига қарамай, ўз лавозимини тарк этмаслигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Грузия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг