Хориждан олиб келинган 3 млн дона тут кўчати ёқиб юборилди

Жамият

image

Сирдарё вилоятида хориждан келтирилган 3 млн дона тут кўчати бўртма нематода билан зарарлангани учун ёқиш йўли билан йўқ қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Хитой Халқ Республикасидан Сирдарё вилоятига олиб келинган тут кўчатларининг Карантин рухсатномаси бўлмаган.

Карантин рухсатномаси – карантин остидаги маҳсулотни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга ёки унинг ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтишга рухсат берилганлигини тасдиқлайдиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан берилган ҳужжат. Ушбу ҳужжатда Ўзбекистоннинг фитосанитар талаблари кўрсатилади.

Мазкур тут кўчати Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг Марказий карантин лабораторияси текширувидан ўтказилганда илдиз қисмида бўртма нематода топилган ва тегишли карантин чоралари кўрилиши юзасидан хулоса берилган.

Инспекциянинг тақдимномасига мувофиқ, вилоят ҳокимлигининг қарори билан тут кўчатлари келтирилган ҳудудда карантин ҳолати эълон қилинган. Хитойдан келтирилган 3 миллион дона тут кўчати вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг махсус полигонида тегишли ташкилот ва идораларнинг масъул ходимлари иштирокида ёқиш йўли билан йўқ қилинган.

Таъкидланишича, бўртма нематода помидор, бодринг, сабзи, пиёз,  ғўза, гилос, ўрик ва бошқа экинларни кучли зарарлайди. Бўртма нематода билан зарарланган мазкур экинлар ёппасига қуриб қолади. Личинкаларнинг ривожланиши натижасида ўсимлик бутунлай нобуд бўлади. Дунё бўйича бўртма нематодалар билан 2000 турга яқин турли оилага мансуб маданий ва ёввойи ўсимликлар зарарланган, бўртма нематода билан зарарланган ўсимликларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

"Ўзбекистон Республикаси “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасига асосан республика ҳудудига карантин остидаги маҳсулотлар ҳамда ўсимликларнинг экиш материалларини (уруғлик, кўчат, туганак, пиёзбош ва бошлқалар) олиб киришдан аввал “Ўздавкарантин” иснпекциясидан карантин рухсатномаси ва фитосанитария сертификатини олиш мақсадга мувофиқдир", дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Сирдарё карантин тут кўчати Ўздавкарантин

Баҳолаганлар

96

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг