Хориж университети ректори “Дўстлик” ордени билан мукофотланди
Жамият
−
13 Апрель 2019
3317Жорий йилнинг 12 апрель куни Ўзбекистон ва Россия ўртасида илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Москва давлат университети ректори Виктор Садовничий Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълум қилди.
Мукофотни Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Рустам Қосимов топширди.
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро дўстлик, ишонч ва стратегик шериклик руҳида ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Айниқса, олий таълим соҳасида ҳамкорлик алоқалари стратегик аҳамияти билан янги босқичга кўтарилиб, икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли лойиҳалар кўлами кенгайиб бораётгани қайд этилди.
Қайд этиш керакки, Тошкент шаҳрида Москва давлат университети филиали очилишида В.Садовничийнинг ҳиссаси катта бўлди.
Маълумот учун, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали 2006 йилдан буён фаолият кўрсатиб, ҳозирда филиалда 427 нафар талаба психология, амалий математика ва информатика йўналишларида таҳсил олмоқда.