“Хоразмча тендер”: 225 млн сўмлик тендерни Урганч туман СЭОМ раҳбарининг укаси ютди
Жамият
−
26 Май 2021
5480Хоразм вилояти Урганч тумани СЭОМ томонидан ўтказилган тендерда раҳбарнинг укасига тегишли корхона ғолиб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Хоразм вилояти бошқармаси Урганч туман бўлими бошлиғи лавозимига Икром Болтабоевич Атаниязов тайинланганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Бу лавозимда 2020 йилнинг ноябридан бери ишлаб келади.
Санитария-эпидимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Хоразм вилояти бошқармаси Урганч туман бўлими томонидан жорий йил 26 мартда эълон берилиб, бўлим биноси ва хожатхонасини жорий таъмирлаш учун жорий йил 7 апрель санасида танлов ўтказилган.
Комиссия қиймати 225,5 млн сўм бўлган бинони жорий таъмирлаш учун “ЖК” МЧЖни ғолиб сифатида танлаб олади. Ўрганиш давомида мазкур корхона устав фондидаги улушлари, юридик шахслар реестрига кўра, тўлиғича бўлим бошлиғи Икром Болтабоевич Атаниязовнинг укасига тегишли экани кузатилган.
Маълум қилинишича, Санитария-эпидимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Хоразм вилояти бошқармаси Урганч туман бўлимиги нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.
Ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра, танлов савдоси бекор қилинди ва “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 178-қисм 6-қисмига мувофиқ расмийлаштирилган маъмурий иш хужжатлари тегишли суд органига ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 июлдаги “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6019-сонли Фармонига мувофиқ ошкораликни таъминлаш ва давлат хариди тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш мақсадида, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб Фармоннинг 2-бандига асосан, давлат буюртмачиси, стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамияти ва корхонаси билан манфаатлар тўқнашувига эга бўлган хўжалик юритувчи субъект давлат харидларини ёки энг яхши таклифларни танлаб олишнинг ёхуд тўғридан-тўғри музокаралар иштирокчиси бўлиши мумкин эмас.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунининг 40-моддасида “Давлат харидлари жараёнида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмайди”, деб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, бу “Хоразмча тендер”ларнинг биринчиси эмас. Ўтган 2020 йилнинг декабрида вилоят “замҳоким”ининг укаси 20 миллиард сўмлик давлат буюртмасини ютгани маълум бўлганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь