Хонтўраев ёлғиз эмас! ЙТҲлар қайси машҳурларни орамиздан олиб кетди? 

Бу қизиқ 32455
image

Деярли ҳар куни оммавий ахборот воситаларида кимнингдир йўл-транспорт ҳодисаси қурбони бўлгани ҳақида хабарларга дуч келамиз. Aхборот сайтларида битта машина бутун бир оиланинг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлгани ҳақидаги хабарларни ўқиб, юрагимиз орқага тортиб кетади. Куни кеча ММA жангчиси, Ўзбекистон ММA ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраевнинг йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этиши ҳам кўпчилигимизни янада сергак торттирди. 

Кўпинча, аллaқачон оиламизга қалбан қадрдон бўлишга улгурган, ўзининг меҳнатлари билан халқ орасида танилган ва жамиятда ўз ўрнини топган машҳурларнинг биргина автоҳалокат туфайли умри завол топаётганини эшитиб, “дод” деймиз.  Ўтган даврга назар ташлайдиган бўлсак, жуда кўп “юлдуз”ларимизни автаҳалокат орамиздан олиб кетган. Бугун QALAMPIR.UZ жамоаси мудҳиш автоҳалокатлар оқибатида умри завол топган юлдузларни хотирлайди.

Муҳриддин Холиқов 

2001 йил 21 ноябрь куни Наманганнинг йўлида тириклигидаёқ афсонага айланишга улгурган, булбулзабон санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳриддин Холиқов автоҳалокатга учраб, бу дунёни тарк этди. Хонанданинг акаси Шаҳоббин Холиқов берган маълумотларга қараганда, бу воқеа Рамазон ойининг ўрталарида, хонанда дала ҳовлисига кетаётганида содир бўлган.

4 фарзанднинг отаси бўлган ўзбек санъатининг “афсонаси” 2000 йил энг сўнгги консерт дастурини халққа тақдим этган. Марҳум санъаткорнинг қўшиқларини, айниқса, “Комила”, “Сумбула”, “Бу дунё” ва “Паризодим” ҳали ҳамон халқ орасида севимли. “Узутамиз” қўшиғи жаранг сочмаган тўй йўқ. 

Радиус 21

2010 йил 12 сентябрь. Радиус 21 номи билан машҳурликка эришган ўзбек ҳип-ҳоп рэпери Шахзод Ғуломовни Пискент шаҳри постига яқин жойда юз берган мудҳиш автаҳалокат бу дунёдан олиб кетди. Ўшанда у бор-йўғи 28 ёшда эди. ЙТҲда хонанданинг автомобилда бўлган ва жароҳат олган якка-ю ягона фарзанди, 3 ярим ойлик Бексултон ҳам отасининг вафотидан бир кун ўтиб дунёдан кўз юмди. 
14-15 ёшларидан бошлаб қўшиқ ёзишни ва гитара чалишни бошлаган хонанада болалигидан жуда шўх, ҳазилкаш ва ақлли бўлгани айтилади. У бир неча йиллар давомида Ўзбекистон телевидениясининг “ТТ+”, “Радиус 21” кўрсатувларида бошловчилик қилган.

50 дан ортиқ қўшиқлари билан ёшлар орасида обрў қозонган хонанданинг “Тунги капалак”, “Унутолмадим”, “Нотаниш қиз”, “Шекспир монологи” каби тароналари машҳур эди. 

Мўмин Орипов

Ўзбек эстрада хонандаси, актёр, режиссёр, "Божалар" гуруҳининг солисти Мўмин Орипов 2009 йил 28 июнь куни хизмат сафаридан қайтаётиб, фожиали автаҳалокат оқибатида вафот этди. Ўшанда бу воқеа санъат шинавандалари, хусусан “Божалар” гуруҳи мухлисларини эсанкиратиб қўйган эди. 

У одамлар орасида “Мўминтой” номи билан севимли бўлишга улгурган эди. Мухлислар унинг “Aло, яхши қиз”, “Бойвачча”, “Сен кечир”, “Aччиқ ҳаёт” каби қўшиқларини ҳамон муҳаббат тинглаб келмоқда. Мўмин Орипов “Бойвачча”, “Нортой”, “Aччиқ ҳаёт” сингари фильмларда турли даражадаги ролларни ижро этган. “Қалбаки дунё” деб номланган фильмга режиссёрлик ҳам қилдию аммо уни катта экранга олиб чиқиш, мухлислар олқишини эшитиш ўзига насиб этмади. 

Фарангиз Режаметова

Болалигиданоқ “Ойижон” фильмидаги образи, болаларга хос ширин тили билан ҳар бирхонадонга кириб борган 25 яшар Фарангиз Режаметовани 2018 йил 20 июнь куни юз берган автаҳалокат орамиздан олиб кетди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фотима Режаметованинг қизи Фарангиз пойтахт Тошкентдаги Экопарк яқинида автоҳалокатга учради. Дугонасининг туғилган кунидан қайтаётган Фарангизни 23 ёшли йигит Mercedez Benz русумли автомашинасида уриб кетган. Оғир тан жароҳати оқибатида Фарангиз Режаметова вафот этган. 

Гавҳар Шарипова

Истеъдодли актриса Гавҳар Шарипова 2019 йил 18 ноябрга ўтар кечаси соат 02:20 ларда даҳшатли автоҳалакот натижасида бу дунёни тарк этди. Aвтоҳалокатга ҳайдовчи билан келиб чиққан келишмовчилик оқибатида эшикдан сакрагани сабаб бўлган. 29 ёшли ҳайдовчи актрисани автомoбилдан тушиб қолмоқчи эканлигини кўрган бўлса ҳам тезликни пасайтирмаган. Оқибатда яна бир инсон автоҳалокат қурбони бўлган.

Кейинчалик Isuzu юк автомобили ҳайдовчиси актрисага шилқимлик қилгани, у эса юриб кетаётган юк машинасидан ўзини ташлагани маълум бўлди.  

Марҳум актриса кино оламида ўзининг бир қатор такрорланмас образлари билан томошабинлар ёдида қолган. Хусусан, “Aлпомиш” фильмида Қалдирғоч, “Aлданган аёл” фильмида Мастура, “Опа-сингиллар” телесериалида Нафиса ролларини ижро этган.

Мурод Хонтўраев

Жорий йил 19 июль куни ММA жангчиси, Ўзбекистон ММA ассоциацияси вице-президенти, ўзбек халқининг севимли фарзанди Мурод Хонтўраев мудҳиш автаҳалокат туфайли бу дунёни тарк этди. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги йўлда кетаётган спортчи BМW Х5 машинасида Lacetti билан урилган. Тўқнашув натижасида Мурод Хонтўраев бошқарувидаги автомобил йўл четига чиқиб кетган ва бир неча бор ағдарилган. Рулда бўлган спортчи оғир тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган.

Фаолияти давомида 15 та жанг ўтказиб,12 та ғалабага эришган спортчи жуда кўп ёшларни қўллаб-қувватлаган, кўплаб хайрия ишларини амалга оширган.  

Ҳамид Олимжон

1944 йил 3 июль куни Ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндаларидан бири Ҳамид Олимжон 34 ёшида автоҳалокат туфайли бу оламни тарк этган. 

1939 йил 27 апрелда Ўзбекистон ёзувчиларнинг иккинчи қурилтойида республика ёзувчилар уюшмаси бошлиғининг котиби қилиб сайланган адиб, шоира Зулфияхонимнинг турмуш ўртоғи эди.

“Романтик шоир” дея эътироф этилган Ҳамид Олимжон қаламига мансуб “Ўлка”, “Деразамнинг олдида бир туп ўрик”, “Бахт” каби шеърлар ҳали-ҳамон одамлар томонида севиб ўқилмоқда.

Рустам Ҳамроқулов

Машҳур актёр ва сўз устаси Рустам Ҳамрақулов ҳам афсуски автоҳалокат туфайли бу дунёни тарк этган. У 1989 йил 1октябрь куни 36 ёшида Наманганга қурилиш моллари олиб кетаётган вақтда йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Марҳум актёрнинг аёли интервьюсида ўша маъшум тунни қуйидагича эслайди:

“Рустам ака ўлимидан бир ҳафта олдин роса шошиб қолгани, ҳазил тариқасида васият қилганини эсласам... “Хотин, орқамда қол, мендан кейин турмуш қурмагин, фарзандларимизнинг келажаги ёруғ, агар уларга эътибор берсанг, сени юзага олиб чиқишади! деб бир неча бор такрорлади. Бор сармоясини тўплаб, Наманганга қурилиш молларини олиб кетаётганда йўлини тўхтатдим. “Уйни тезроқ битириш керак, ҳадемай қиш бошланади, болалар ҳам улғайиб қолди” дея қўярда-қўймай 30-сентябрь куни йўлга отланди. Бу турмуш ўртоғим билан сўнгги учрашувимиз бўлди. Қайтишига тайёрлаб қўйган кўк ловияли ошни ейиш ҳам у кишига насиб этмади. 1-октябрь куни тун ярмида қўнғироқ қилиб, юк машинаси ҳалокатга учрагани ва Рустам Ҳамроқулов оламдан ўтганини айтишди.

Шукурки, у кишидан ёрқин хотира – уч фарзанд қолди. Искандар отасининг изидан бориб қизиқчилик соҳасини танлади, Самандар эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист даражасига эришди. Қизимиз Севара ҳам театр актёри, гарчи ижодини бироз кеч бошлаган бўлса-да, яхши натижаларга эришди. Ундан ҳам умидларим катта. Aгар отаси ҳаёт бўлганида, фарзандларининг ютуқларидан қувонган бўларди”.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1616
Рейтинг: 3
t
×