Хоманаийнинг вориси ҳам суиқасд нишонига айланади – Исроил Мудофаа вазири

Олам

image

Исроил Мудофаа вазири Исрaэл Кац Эрон Олий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўрнига келадиган ҳар қандай шахс нишонга олиниши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Унинг айтишича, агар янги раҳбар Исроилга қарши сиёсатни давом эттирса, АҚШ ва минтақа давлатларига таҳдид солса, у қаерда бўлишидан қатъи назар суиқасд нишонига айланиши мумкин.

Бир муддат олдин ОАВда Эрон Ислом республикасининг Экспертлар кенгаши Мужтабо Хоманаийни Эроннинг янги олий раҳбари лавозимига сайлагани ҳақида хабарлар тарқалганди. 56 ёшли Мужтабо – АҚШ ва Исроил бомбардимонлари оқибатида ҳалок бўлган Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўғли бўлиб, сўнгги ўн йил давомида у очиқчасига “ворис” сифатида тилга олиб келинган.
 
Кузатувчиларнинг фикрича, Эронда раҳбар алмашиши сиёсий йўналиш ўзгаришини англатмайди, балки услуб ўзгаришини билдиради. Мужтабо қатъий прагматик сифатида танилган. У “гибрид уруш” тарафдори ва Ғарб билан кескин қарама-қаршиликни ёқлайди. Унинг даврида ядро дастури бўйича музокаралар тўхтаб қолиши ёки янада қаттиқ шартлар билан давом этиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг ўлдирилган Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг дафн маросими унинг туғилган шаҳри – Машҳадда ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.  

АҚШ–Исроил–Эрон уруши

Кеча, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.

Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига “иммунитет” олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.

Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.

Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.

Аввалроқ, Эрон давлат телевидениеси Хоманаий Исроил ва АҚШ томонидан ўлдирилганини хабар қилган эди. Эроннинг “Tasnim” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, у кеча, 28 февраль куни эрталаб ўз ишхонасида ўлдирилган. Оятуллоҳнинг вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб 40 кунлик умумхалқ мотами ва 7 кунлик умумхалқ дам олиш кунлари эълон қилинди.

Шунингдек, Эрон ҳудудига уюштирилган ҳужум чоғида Оятуллоҳнинг оила аъзоларидан тўрт киши – қизи, куёви, набираси ва келинларидан бири ҳам ҳалок бўлган.

Қайд этиш жоиз, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ислом Республикаси Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти тасдиқланганидан сўнг, мамлакат “Қуролли кучлари тарихидаги энг шиддатли ҳужум операцияси” бошланганини маълум қилганди.

Шундан сўнг, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакат Исроил ва АҚШга қарши янги ҳужумлар бошланганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Исроил Оятуллоҳ Али Хоманаий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг