Хоманаийдан кейинги Эронда нималар бўлмоқда?

Таҳлил

Бир ҳафтадирки Яқин Шарқ минтақасида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операциялари давом этмоқда. Бир қатор тинч аҳоли ҳудудларига берилган зарбалар, ҳаво ҳудудларининг ёпилиши ва ҳужумга учраган давлатларнинг кескин баёнотлари сабаб минтақада хавфсизлик билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда. Сўнгги кунларда Эроннинг ракета ва дрон ҳужумлари сезиларли даражада камайган. Шу билан бирга, АҚШ ва Исроил Эроннинг ҳарбий инфратузилмасига, жумладан, ракета базалари, дрон ишлаб чиқариш иншоотлари, радар тизимлари ва денгиз флотига зарба беришда давом этмоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, можаронинг ҳозирги босқичи бир неча йўналишда кечмоқда: бир томондан Эроннинг зарба бериш имкониятларини камайтириш, иккинчи томондан эса унинг ҳарбий логистикасини издан чиқариш мақсад қилинган. Шу боис зарбалар асосан ракета омборлари, ҳарбий заводлар ва алоқа тизимларига қаратилмоқда.

Ракеталар сони кескин камайди

Ғарб расмийларига кўра, урушнинг биринчи кунида Эрон юзлаб ракета учирган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич ўнлаб ракеталаргача камайган. АҚШ Олий қўмондони генерал Ден Кейннинг маълум қилишича, Эроннинг баллистик ракета учиришлари можаро бошланганидан бери сезиларли даражада камайган. АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) эса сўнгги 24 соат ичида ҳам ҳужумлар яна 23 фоизга қисқарганини билдирган.

Урушдан олдин Эрон захирасида 2000 дан ортиқ қисқа масофали баллистик ракета борлиги тахмин қилинган. Бироқ ҳарбийлар ўз қурол захиралари ҳақидаги аниқ рақамларни одатда ошкор қилмайди. Мутахассисларнинг фикрича, ракета ҳужумларининг камайиши бир неча омиллар билан боғлиқ бўлиши мумкин: биринчидан, зарбалар натижасида айрим ракета базалари вайрон бўлган; иккинчидан эса Теҳрон узоқ давом этиши мумкин бўлган можаро учун қурол захираларини эҳтиёт қилмоқда.

Дрон ҳужуми ҳам сустлашган

АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумидан олдин бир қанча расмий манбалар Теҳрон минглаб “Шаҳид” туридаги ҳужум дронларини ишлаб чиқарганини маълум қилган. Қайд этилишича, бу дронлар Россия томонидан Украинадаги урушда ҳам кенг қўлланилган.

АҚШ ҳарбийлари маълумотига кўра, ҳозирда Эроннинг дрон ҳужумлари ҳам кескин камайган. Генерал Ден Кейннинг айтишича, можаро бошланганидан бери дрон ҳужумлари 73 фоизга қисқарган. Айрим ҳарбий таҳлилчилар бу ҳолатни Эроннинг стратегик сабр тактикасига ўтаётгани билан изоҳламоқда. Яъни Теҳрон зарбаларни вақтинча камайтириб, кейинчалик йирикроқ ҳужумлар учун ресурсларни сақлаб қолишга уринаётган бўлиши мумкин.

Ракета базалари ва ҳарбий объектлар нишонга олинмоқда

Сунъий йўлдош тасвирлари АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида Эроннинг бир қатор ҳарбий объектлари зарар кўрганини кўрсатмоқда. Улар орасида Исфаҳон ракета иншоотлари, Кирманшоҳдаги ракета базаси, Конарак дрон базаси, Заҳедан авиабазасидаги радар тизими ва Натанз ядровий объекти бор.

АҚШ ҳарбийларига кўра, ҳужумлар туфайли юзлаб ракеталар, дронлар ва ҳаво мудофаа тизимлари йўқ қилинган. Можаронинг биринчи кунида Эрон ҳукумати бинолари ҳам АҚШ ва Исроил зарбаларининг асосий нишонларидан бирига айланган. Айрим манбаларга кўра, шу зарбалар оқибатида Эроннинг Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ва бир неча юқори мартабали амалдорлар ҳалок бўлган.

Расмий манбаларнинг билдиришича, урушнинг олтинчи кунига келиб АҚШ ва Исроил кучлари Теҳрон устидан ҳаво устунлигини қўлга киритган. Айни вақтда уларнинг асосий нишони ракета учириш майдонлари, дрон базалари, қурол омборлари ва ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқариш заводлари ҳисобланади. CENTCOM маълумотига кўра, можаронинг кейинги босқичи айнан шу объектларни аниқлаб, тизимли равишда йўқ қилишга қаратилади.

Эрон денгиз флоти ҳам зарба остида

ОАВ сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларга асосланиб, АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида камида 11 та Эрон ҳарбий кемаси шикастлангани ёки йўқ қилингани ҳақида хабар берган. Бандар-Аббос ва Конарак денгиз базаларида бир нечта кемалар ёниб кетганини тасвирларда кўриш мумкин. Шикастланган кемалар орасида Эроннинг энг йирик ҳарбий кемаларидан бири – IRINS Makran ҳам бор.

АҚШ ҳарбийлари эса умумий ҳисобда 17 та Эрон кемаси йўқ қилинганини даъво қилмоқда. АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсетнинг айтишича, 5 март куни мамлакат сувости кемаси Ҳинд океанида Эрон ҳарбий кемасига торпеда билан зарба берган. Оқибатда кема Шри-Ланка қирғоқлари яқинида чўкиб кетган.

Шри-Ланка расмийларининг маълум қилишича, кема бортида тахминан 180 киши бўлган. Қутқарувчилар ҳозиргача 80 га яқин жасадни топган, 32 киши қутқарилган. Қолганлар бедарак йўқолгани айтилмоқда. Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса бу ҳодисани халқаро сувларда содир этилган “ваҳшийлик” деб атаб, АҚШ “бунинг учун жавоб беришини” билдирган.

Қурбонлар сони ошмоқда

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги маълумотларига кўра, можаро бошланганидан бери Эронда 1000 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган. Исроилда эса бу кўрсаткич 11 киши экани айтилмоқда. Шунингдек, Қувайтдаги АҚШ авиабазасига ҳужумда 6 америкалик аскар вафот этган.

Гуманитар ташкилотлар минтақада тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони янада ошиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Айрим шаҳарларда электр энергияси ва алоқа тизимларида узилишлар кузатилмоқда.

400 йиллик тарихий ёдгорлик зарар кўрди

Исроил ва АҚШнинг Теҳрондаги ҳужумлари оқибатида UNESCO Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Гулистон саройи ҳам зарар кўрган. 1747–1751 йилларда қурилган Тахт-и Мармар залининг шифт безаклари қулаб тушган. Сарой деворларининг бир қисми ҳамда деразалари шикастланган.

Шунингдек, Абул Ҳасан Исфаҳоний томонидан лойиҳалаштирилган ва нафис безаклари билан машҳур Ойнали зал ҳам зарба тўлқинларидан жиддий зарар кўрган. Гулистон саройи тарихан Қожарлар сулоласининг сиёсий маркази бўлиб хизмат қилган ва Эроннинг энг муҳим тарихий мажмуаларидан бири ҳисобланади.

Эрон иқтисодий таназзулдами?

Ҳарбий тўқнашувлар сабаб Эрондан хабар олиш тобора қийинлашмоқда. Мамлакатнинг катта қисмида интернет узилгани сабабли янгиликлар оқими кескин камайган. Бироқ хорижий ОАВларнинг маҳаллий манбаларга таяниб хабар беришича, Эронда иқтисодий босим ва хавфсизлик билан боғлиқ кескинликлар бир вақтда кучайган.

Расмий маълумотларга кўра, 2026 йил февраль ойида Эронда инфляция даражаси 68,1 фоизга етган. Бу сўнгги ўн йилликлар ичидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Озиқ-овқат нархлари кескин ошиб кетган. Ўтган йил билан солиштирганда, умумий озиқ-овқат нархлари 110 фоизга, нон ва дон маҳсулотлари 142 фоизга, гўшт 117 фоизга, сут маҳсулотлари 108 фоизга, мевалар 113 фоизга ва ўсимлик мойи 207 фоизга қимматлашган.

2025–2026 йилларда маошлар атиги 45 фоизга ошган. Натижада кўплаб оилалар озиқ-овқат ва дори-дармон харажатларини қисқартиришга мажбур бўлмоқда. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, иш ташлашлар нефть ва логистика тизимининг айрим қисмларига ҳам таъсир қилган. Бу эса транспорт ва таъминот занжирларида узилишларга олиб келган.

Урушнинг кейинги тақдири

АҚШ Президенти Дональд Трамп уруш 4–5 ҳафта давом этиши мумкинлигини, зарурат туғилса ундан ҳам узоқ давом этишини билдирган. Эрон томони эса Олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлими ортидан қасос муқаррарлигини таъкидлаб, янги ҳужумлар эҳтимолини истисно қилмаган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, можаро бир неча сценарий билан якунланиши мумкин: Эрон сиёсий тизимининг заифлашиши, янги раҳбарнинг янада кескин сиёсат юритиши ёки минтақада узоқ давом этадиган беқарорликнинг шаклланиши.

Мутахассислар Яқин Шарқдаги вазият яқин ҳафталарда глобал сиёсат, энергетика бозорлари ва халқаро савдога ҳам сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Ракета Дрон ҳужуми Қурбонлар тарихий ёдгорлик зарба Хоманаий денгиз флоти Олий қўмондон ҳарбий объектлар иқтисодий таназзул

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг