Холмахматов Бош прокуратура нимадан ташвишда эканини очиқлади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Абдухалим Холмахматов мамлакатда кундан кунга урчиб бораётган “самосуд” ҳолатлари назарда четда қолаётганини ва бунга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Холмахматовнинг сўзларига кўра, Бош прокуратура бундан ташвишда. У бу ҳақда бугун, 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисидаги нутқида тўхталиб ўтди. 

Ялпи мажлисда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши ҳолати юзасидан Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Абдухалим Холмахматов жамоатчилик ва сенаторларга махсус субъект бўлмаган шахслар, яъни фуқаролар томонидан Жиноят кодексининг 110-моддасида назарда тутилган қийнаш жиноятини содир этиш ҳолатлари ортиб бораётганини ҳам назардан четда қолдирмаслик кераклигини таъкидлади. 

“Фуқароларни таҳқирлаш, қийнаш ва ўзбошимчалик билан суд – "самосуд" қилиш катта ташвиш уйғотмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ЖКнинг 110-моддаси билан 22 та жиноят рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг деярли барчаси оила-турмуш доирасида содир бўлмоқда”, дейди Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари. 

Холмахматов  бундай жиноятларнинг содир этилишини бартараф этиш учун биринчи навбатда маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари ҳамда профилактика инспекторлари масъулиятини ва фаолият самарадорлигини ошириш кераклигини таъкидлайди. Унга кўра, прокуратура органлари томонидан бундай ҳолатлар бўйича Ички ишлар ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликларига тегишли тартибда прокурор назорати ҳужжатлари юборилган. 

Эслатиб ўтамиз, ана шундай жиноятлардан бири яқинда Навоий вилоятида содир бўлган эди. Ижтимоий тармоқларда фермер ишчисини калтаклаб, қийнаб, дарахтга боғлаб кетгани акс этган видео тақралди. 

Мазкур ҳолат юзасидан Қизилтепа туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) ва 138-моддаси 1-қисми (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.  
 


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура самосуд Абдухалим Холмахматов

Баҳолаганлар

157

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг