Холиқназаров бир неча имомларни ишдан олди, қолганларига “ҳайфсан” берди

Жамият

image

Ўзбекистонда 1 нафар вилоят бош имом-хатиби ўринбасари, 2 нафар туман бош имоми ва 1 нафар имом-хатиб ишдан олинди ва 4 нафарига “ҳайфсан” интизомий жазоси эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси хабар берди. 

Маълум қилинишича, бугун, 28 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров раислигида республика диний соҳа ходимларининг танқидий-таҳлилий видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган.

Жуда кескин ва танқидий руҳда ўтган йиғилишда 2022 йил давомида масжидлар имом-хатиблари, имом-ноиблари, мударрислар ва отинойилар томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Шунингдек, айрим диний соҳа ходимлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни ислоҳ қилиш масалалари кўриб чиқилган.

Йиғилиш жараёнида меҳнат интизомига риоя этмаган, вазифасига виждонан ёндошмаган, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини қондиришга жиддий саъй-ҳаракат қилмаган ва диний соҳа ходими мақомига муносиб бўлмаган 1 нафар вилоят бош имом-хатиби ўринбасари, 2 нафар туман бош имоми ва 1 нафар имом-хатиб ишдан олинди ва 4 нафарига “ҳайфсан” интизомий жазоси эълон қилинган. Жумладан:

•    Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Абдусалом Фатуллаев;

•    Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани бош имоми ва “Шоҳ Машраб” масжиди имом-хатиби Ҳафизулло Зайниев;

•    Самарқанд вилояти Оқдарё тумани бош имом-хатиби Ҳабибулла Аблоқулов;

•    Хоразм вилояти Шовот тумани “Хўроз Эшон бобо” масжиди имом-хатиби Давронбек Рўзметов эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

Шунингдек:

•    Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали Жабборов;

•    Жиззах шаҳар бош имом-хатиби Фахриддин Шайзақов;

•    Тошкент вилояти “Раҳбар ота Акбар ўғли” масжиди имом-хатиби Муҳаммадий Раҳманов;

•    Фарғона вилояти Сўх тумани “Офтобрўй” масжиди имом ноиби Илҳомиддин Тоировга “ҳайфсан” интизомий жазоси берилган. 

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри “ал-Ҳудайбия” масжиди имом ноиби Шуҳрат Зияев меҳнат интизомига риоя этмагани учун чора сифатида бошқа ишга ўтказилган.

Йиғилишда иш фаолиятдаги хато-камчиликлар сабабли ўтган йилда 25 нафар имом-хатиб, 19 нафар имом-ноиби ва 2 нафар муҳтасиб вазифасидан озод этилгани, шунингдек, 56 нафар имом-хатиб ва имом ноибига “ҳайфсан” интизомий чораси берилгани маълум қилинган.

“Муфтий ҳазрат томонларидан йиғилишда соҳа ходимлари томонидан ёшлар таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратиш, халқ билан мулоқот қилиш, китоб мутолаасига тарғиб қилиш, таҳдидларга қарши курашиш, имом-хатиблар ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиш одобига амал қилиш ва доимий билим савияларини ошириш юзасидан тавсия ҳамда кўрсатмаларни баён этдилар”, дейилади идора тарқатган хабарда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Мусулмонлар идораси Нуриддин Холиқназаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг