ХОҚ Ўсмирлар Олимпия ўйинларини ташкил қилишни тўхтатди
Спорт
−
08 Май 627 2 дақиқа
Халқаро Олимпия қўмитаси ижроия ҳайъати 2030 йилги Ўсмирлар Олимпия ўйинларини ташкил этиш жараёнини вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда ташкилот президенти Кирсти Ковентри йиғилишдан кейинги матбуот анжуманида маълум қилди.
Навбатдаги Ўсмирлар Олимпия ўйинлари 2026 йил 31 октябрдан 13 ноябргача Сенегалнинг Дакар шаҳрида бўлиб ўтади. 2030 йилги мусобақа Ўсмирлар Олимпиадаси тарихидаги бешинчи турнир бўлиши керак эди. Мусобақага мезбонлик қиладиган давлат бўйича расмий қарор июнь ойида эълон қилиниши режалаштирилган эди.
Ковентрининг айтишича, миллий олимпия қўмиталари ва халқаро спорт федерациялари билан ўтказилган музокаралардан сўнг ташкилот Ўсмирлар Олимпиадасининг келажагини қайта кўриб чиқишга қарор қилган.
“Миллий олимпия қўмиталари ва халқаро федерациялар билан бир қатор музокаралар олиб бордик. Бироқ якунда аниқ ва қониқарли натижага эриша олмадик. Шу сабабли, 2030 йилги Ўсмирлар Олимпиадасини ташкил этиш жараёнини вақтинча тўхтатишга қарор қилдик. Биз, аввало нима учун Ўсмирлар Олимпиадасини ўтказаётганимизни чуқурроқ таҳлил қилиб, янги стратегия ишлаб чиқмоқчимиз. Мақсадимиз – ёшларни спортга кенгроқ жалб қилишдир. Аммо ҳозирги форматдаги Ўсмирлар Олимпиадаси бу вазифаларнинг барчасини тўлиқ бажараётгани йўқ. 2026 ва 2028 йилги Ўсмирлар Олимпия ўйинлари белгиланган режа асосида ўтказилади. Лекин 2030 йилги мусобақага мезбон танлашдан олдин, бу ўйинлар келажакда қандай кўринишда бўлиши ва қайси йўналишда ривожланиши кераклигини аниқлаб олишимиз зарур”, деди Ковентри.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро Олимпия қўмитаси ўзининг киберспорт қўмитаси фаолиятини тўхтатганди.
Live
Барчаси