Ходим иш вақтида ҳалок бўлса, унинг яқинларига қандай товон тўланади?

Фойдали

image

Аввалроқ, Тошкентнинг Миробод туманидаги кўп қаватли уйнинг фасадини бўяётган фуқаро йиқилиб тушгани ҳақида хабар берган эдик. У оғир аҳволда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилди. Фуқарога бош миянинг очиқ жароҳатланиши, кататрамма ташхиси қўйилди. Ходим иш жарёнида соғлиғига жиддий зарар етса ёинки ҳалок бўлса, қонунчиликка кўра унга ёки яқинларига қандай компенсациялар тўланиши керак? Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 187-моддасига кўра, ўз меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ходим вафот этган тақдирда, унинг оила аъзоларига етказилган ҳар қандай зарарни (шу жумладан, маънавий зарарни) иш берувчи, башарти бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, тўлиқ ҳажмда қоплаб беради. Иш берувчи марҳум ходимнинг оила аъзоларига қуйидагиларни тўлайди:

•  маънавий зарар;
•  боқувчининг вафот этгани муносабати билан зарар;
•  вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақа.

Шунингдек, агар бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб асосида таҳлил қиладиган бўлсак, иш берувчи марҳум ходимнинг оила аъзоларига маънавий зарарни, боқувчининг вафот этганлиги муносабати билан зарарни, вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақани, дафн этиш учун зарур харажатларни тўлашга мажбур.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги "Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги 7-сон қарорида “маънавий зарар” – жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати (ҳаракатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган (ўтказган) маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик ва бошқа) азоблар, деб таърифланган.
Меҳнат кодексининг 192-моддасида, боқувчининг вафот этгани муносабати билан зарарни иш берувчи томонидан тўлаш мажбурияти белгиланган. Унга кўра, ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлигига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаши шарт.

Ходимнинг ўзи айбдор бўлса-чи?

Меҳнат кодексининг 191-моддасига кўра, агар жабрланувчи томонидан қўпол эҳтиётсизлик қилинган ва иш берувчининг айби бўлмаган ҳолларда, унинг айбидан қатъи назар жавобгарлик келиб чиқадиган бўлса, тўланадиган зарар миқдори ҳам шунга мувофиқ равишда камайтирилади, лекин иш берувчини бутунлай зарарни тўлашда озод қилмайди.

Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга тўланадиган зарар миқдори марҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида, унинг ўзига ва унинг қарамоғида бўлган, лекин зарарни ундиришга ҳақли бўлмаган меҳнатга қобилиятсиз шахсларнинг улушини чегириб ташлаган ҳолда белгиланади.

Бундан ташқари, ходим меҳнат жараёнида вафот этган тақдирда иш берувчи қўшимча равишда дафн этиш учун зарур харажатларни ушбу харажатларни сарфлаган шахсга тўлаши шарт.

Зарарни тўлаш тартиби қандай?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сонли қарори билан тасдиқланган “Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидалари”да батафсил белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 194-моддасига кўра,  ходимнинг вафоти муносабати билан иш берувчи томонидан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори жамоа шартномасида, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Бунда ходимнинг вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори эса, марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.

Ходимга жароҳат ёки соғлиғига бошқа шикаст етказилганда жабрланувчининг олган ёхуд олиши мумкин бўлган йўқотган иш ҳақи (даромади) тўланади.
Зарар ҳар ойда жабрланувчининг касбий меҳнат фаолиятини йўқотиш даражасига тегишли равишда меҳнат жароҳати олгунга қадар унинг ўртача ойлик иш ҳақига фоизларда, соғлигига шикаст етказилиши сабабли қилинган қўшимча харажатлар компенсацияларда, шунингдек белгиланган ҳолларда бир марталик нафақалар тўлашда қопланади.
Зарарни суд орқали ундириш тартиби қандай?

Боқувчисини йўқотганлик туфайли зарар тўланиши ҳуқуқига эга бўлган шахсларга зарарни тўлаш ҳақидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

•  фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи (ФҲДЁ) томонидан боқувчининг вафоти тўғрисида берилган гувоҳнома нусхаси;
•  вафот этган шахснинг оила аъзолари таркиби, шу жумладан унинг қарамоғида бўлганларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (ёки бошқа ҳужжатлар) ёки суднинг тегишли қарори нусхаси;
•  ўқув муассасасининг зарар тўланиши ҳуқуқига эга бўлган, ёши 16 дан 18 гача бўлган шахсларнинг ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқиши тўғрисидаги маълумотномаси.

Суд томонидан зарани ундириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги “Меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплашга оид низолар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 18-сон қарорига кўра амалга оширилади. 

Ушбу қарорга кўра, зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза иш берувчига берилади. Зарарни тўлаш тўғрисидаги аризанинг нусхаси касаба уюшмаси қўмитасига ёхуд корхона ходимларининг бошқа ваколатли органига берилади. Иш берувчи зарарни тўлаш тўғрисидаги аризани ариза олинган кундан бошлаб 10 кун муддатда кўриб чиқиши ва тегишли қарор қабул қилиши шарт.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг “Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг 15-бандига кўра маънавий зарарни қоплаш номоддий бойликларни ва номулкий ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг бирдан-бир манбаи ҳисобланади. Шу сабаб Фуқаролик кодекси 163-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талабларга даъво муддати татбиқ этилмайди
 
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1022-моддасига кўра, маънавий зиённинг миқдори суд томонидан аниқланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

61

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг