Хизматчи оиласидан Президентликкача: Эрдўғаннинг босиб ўтган оғир сиёсий йўли

Олам 12727
image

Ҳозирги кунда Туркия дунёнинг ҳам ҳарбий, ҳам геосиёсий, ҳам иқтисодий тарафдан ўзининг маълум куч-қудратига эга бўлган давлат ҳисобланади. Албатта, давлатни ривожлантиришда уни оқилона бошқариш ва давлат етакчисига кўп нарса боғлиқ. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳокимиятга келгунча ва президентлик даврида ҳам ўзига яраша оғир ҳамда таҳликали сиёсий йўлни босиб ўтди. Бу йўлда у ўзига кўплаб тарафдорлар, шу қатори душманлар ҳам орттирди. Туркия Президенти бугун, 26 февраль куни ўзининг 67 ёшини қарши олди. Қуйидаги мақолада турк сиёсий арбобининг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳақида сўз боради.  

Эрдўғаннинг ёшлик чоғлари 

Бўлажак Президент 1954 йил Туркиянинг Истанбул шаҳрида, хизматчи оиласида туғилган. Қийинчиликда ўсган Эрдўған Истанбулнинг хавфли кўчаларида булочка ва лимонад сотиб рўзғорга ёрдам берарди. У болаликдаги бўш вақтларини шундай сарфлаган. 11 ёшида бошланғич мактабни битирганидан сўнг, Истанбулдаги имом-хатиблар диний лицейига ўқишга киради. 

Ёшлигида Эрдўған маҳаллий клубларнинг бирида футбол ўйнаган. Бу спорт турига унинг қизиқиши баланд эди. Ҳатто, Туркиянинг “Фенербахче” футбол клуби ёш Эрдўғанни ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлган. Фақат унинг отаси бунга рухсат бермайди. Балки, ота ўғлининг келажакда юртга раҳбар бўлишини сезгандир.  

Сиёсий карьеранинг бошланиши ёхуд айсбергнинг учи

Эрдўған ҳали талаба бўлиб юрган пайтларида сиёсатга қизиқиб қолиб, 22 ёшида Миллий турк талабалар уюшмаси сафига қўшилади. Ўша йилдаёқ Эрдўған Миллий нажот партиясининг ёшлар иши бўйича Истанбул шаҳридаги бўлимига раҳбарлик қила бошлаган. Унинг сиёсий фаолиятининг бошланиши Туркия оғир кунларни бошдан кечираётган пайтларга тўғри келди. Чунки орадан кўп ўтмай, аниқроғи 1980 йилда Туркияда ҳарбий тўнтариш юз берди, сиёсий партиялар фаолиятига эса тақиқ қўйилди. Ўша пайтларда Истанбул Транспорт кенгашида ишлаб юрган Эрдўған соқолини олишдан бош тортгани учун ишдан ҳайдалади. Шундан сўнг, у бир муддат хусусий секторда ишлаб юрган. 

40 ёшида Истанбул мери

Туркияда ҳарбий тўнтариш юз берган вақтлардан кейин кўп сувлар оқиб ўтди. Эрдўған 1984 йилга келиб Фаровонлик партиясининг Бейоглу бўлимига, орадан бир йил ўтиб Истанбул бўлимига раис ҳамда ушбу партиянинг олий бошқарув кенгашига аъзо бўлди. Кўтарилиш кетидан кўтарилиш – 1994 йилда Эрдўған Истанбул мерлиги учун бўлган сайловда ғалаба қозонди. Ушбу лавозимда бир қатор фаоллик кўрсатган бўлажак етакчи шаҳарда спиртли ичимлик сотилишини сезиларли камайтирди. Истанбулдаги йўллар ва чиқиндилар билан боғлиқ бир қатор ижтимоий муаммоларни ҳал қилиб, жойларни кўкаламлаштирди. Бунинг натижасида шаҳарда Эрдўғаннинг обрўси ошиб кетди. 

Панжара ортида олинган сабоқ

Кейинчалик Эрдўған аъзо бўлган Фаравонлик партияси ва ҳарбийлар ўртасида қарама-қаршилик кучайиб кетди. Бунга мамлакат ташқи ва ички сиёсатида ислом омилининг таъсири ортиб бораётгани сабаб бўлди. Гап шундаки, Фаравонлик партияси ўша пайтда Ҳукуматни шакллантирган ислом коалициясига қатнашар эди. 

1997 йилга келиб Туркияда яна ҳарбий тўнтариш юз берди. Фаравонлик партиясининг фаолияти тақиқланди, Эрдўған эса қамалди. Унинг қамалишига ушбу нотинч воқеалар пайтида Сиирт вилоятида сўзлаган нутқи сабаб бўлган. Унинг нутқида:

“Миноралар – бизнинг найзамиз,
Гумбазлар эса ҳимоя бош кийимимиз,
Масжидлар – бизнинг ҳарбий қароргоҳимиз,
Эътиқод қилувчилар – содиқ аскарларимиз,
Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ – буюк”
,
деган сўзлар мавжуд эди. 

Бундай нутқлари билан ўтказган намойишлари учун суд Эрдўғанни 10 ойга озодликдан маҳрум қилади. Лекин у ушбу муддатнинг 4 ойини ўтаб, озодликка чиқади. Айнан ушбу воқеалар Эрдўғганнинг катта сиёсатга янада кучлироқ бўлиш қайтиши учун далда бўлади. 

Янги партия ва бош вазирлик  

2001 йилда Эрдўған Адолат ва ривожланиш номли янги партия тузади. Ушбу партия 2002 йилги парламент сайловида ғалаба қозонади. Лекин Эрдўған судланган бўлгани учун на парламентга ва на Ҳукумат аъзолигига қўшила олади. Фақат 2003 йилдагина қонунчиликка киритилган ўзгартишдан сўнг, у Тукрия Бош вазирига айланган.

Истанбулда мер бўлган вақтлари каби Эрдўған Бош вазир бўлганида ҳам жиддий либерал ислоҳотлар амалга оширди. Хусусан, кирим солиғи пасайтирилди, четдан технология кириб келиши учун савдо барьерларини олиб ташланди, мамлакат бўйлаб саноат ҳудудлари ташкил этилди. Бундай сиёсат Туркияга чет эл инвестицияси оқимининг кириб келишига сабаб бўлди, аҳолининг турмуш даражаси ўсди, мамлакатнинг камбағал аҳолиси 30 фоиздан 2 фоизга тушди.

Президент Эрдўғанга қарши ҳарбий тўнтариш 

2014 йилнинг ёзида Туркия президентлиги учун бўлган сайловда Эрдўған ғалаба қозонди ва Президент сифатидаги биринчи ташрифини Шимолий Кипр Турк Республикасига амалга оширди. Орадан икки йил ўтиб, Туркия ҳарбийларининг бир қисми Президент Эрдўғанга қарши давлат тўнтаришини амалга оширди ва бу муваффақиятсизлик билан тугади. Тўнтариш вақтида Эрдўғаннинг икки шахсий қўриқчиси ўлдирилди, унинг ўзи эса вертолётда Истанбулга қочиб қолишга муваффақ бўлди. Ушбу воқеалар оқибатида 238 киши ҳалок бўлди, 3 мингдан ортиқ киши яраланди. 

Орадан ярим ой ўтар-ўтмас, ушбу давлат тўнтаришида айбланган ва гумон қилинганларга қарши кураш бошланди. Туркия фуқаролигидан маҳрум қилинганлар сони 75 минг, тўғридан-тўғри ушбу воқеаларга алоқаси бор деб топилган 26 минг кишига айблов қўйилди, 3 мингга яқин ҳарбий, полковник ва генераллар ҳибсга олинган.  

Ташқи сиёсатдаги дадиллик

2009 йил. Бутунжаҳон иқтисодий форуми. Давос шаҳри. Эдўған Исроил Президенти Шимон Пересни Ғазо сектори бўйича жиддий танқид остига олди: 

“Президент Перес, сиз жуда баландпарвоз эдингиз. Ўзингизнинг сўзларингиздан уялаётганингизни тан оламан. Сиз одамларни ўлдирдингиз. Болалар бомба остида ҳалок бўлди. Икки собиқ Бош вазирингиз Фаластинга танкларни олиб кирмоқчи эди ва сиз уларнинг истагини бажардингиз”.

2009 йил. Катта саккизлик саммити. Аквила, Италия. Эдўған Хитойнинг Урумчига нисбатан қилаётган босимини баланд овозда қоралади:

“Амалда уйғурларга қарши геноцид қилинган”.

2020 йил, “Charlie Hebdo” ҳажвий журнали билан боғлиқ можаро ортидан Франция Президенти Макронинг берган баёнотига қарши Эрдўғаннинг жавоби:

“Сиз, чин маънодаги фашистсиз! Сиз нацистлар занжирининг ҳақиқий бўғинисиз! Афсуски, бу ҳужумларнинг барчаси руҳий ҳолатини синаб кўриши керак бўлган француз раҳбарининг провокацияси билан бошланди. Мен барчани француз компанияларига фойда келтирмасликка чақираман, уларнинг маҳсулотларини сотиб олманг”.

Эрдўғаннинг оиласи

Эрдўған 1978 йили 24 ёшида Эмине Гюльбаранга уйланди. Эмине “Идеал аёллар ассоциацияси”даги фаолияти даврида Эрдўғанни учратган. Бошқа сўз билан айтганда, уларни айнан ижтимоий фаоллик ва сиёсат бирлаштирган. Эмине ва Эрдўғаннинг икка ўғил, икки қиз фарзанди бор.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 498
Рейтинг: 3
t
×