Хивадаги Тош ҳовли саройининг девори ўзбошимчалик билан бузилди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Хивадаги Тош ҳовли саройи девори бузилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.

Билдирилишича, Тош ҳовли саройи 1832-38 йилларда қурилган бўлиб Хива шаҳрининг 2500 йиллиги юбилейини ўтказиш муносабати билан 1997 йилда таъмирлаш тиклаш ишлари “Хоразм махсус илмий таъмирлаш ишлаб чиқариш” устахонаси томонидан Тош ҳовли саройида қисман олиб борилган.

Маданий мерос департаменти томонидан аниқланишича, Тош ҳовли саройини шарқий томонидаги девор қисми бузилишига сабаб буюртмачи ташкилот “Ичан- Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси бўлиб, “Сургут нефть строй” пудратчи хусусий корхонаси томонидан жорий йилнинг 8 декабрь куни девор тепа қисми бузилган.

“Ичан- Қалъа” давлат музей-қўриқхонасида ҳар қандай таъмирлаш-тиклаш ишлари Департамент қошидаги Илмий-эксперт кенгаши хулосаси асосида бажарилиши ва UNESCO ташкилоти билан келишиш зарурлиги аниқ белгиланган бўлса-да, аммо лойиҳа Илмий-эксперт кенгашига киритилмаган ва саройда лойиҳасиз таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилган”, дейилади вазирлик хабарида.

Ҳозирда Департамент ходимлари томонидан Тош ҳовли саройида таъмирлаш-тиклаш ишлари тўхтатилган бўлиб, ноқонуний олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари тўғрисида ҳуқуқ тарғибот идораларига ҳужжат тайёрланмоқда.

Маълумот учун, Тош ҳовли саройи 1829-1839 йилларда Оллоқулихоннинг амри билан вазир Муҳаммад Яъқуб меҳтар лойиҳаси асосида қурилган. Бу сарой Хивадаги иккинчи Арк, ҳукмдор – хоннинг қасри сифатида қурилган. Пишган ғиштдан қурилган Тош ҳовлининг номи бинонинг ўзига хос плани ва архитектурасидан келиб чиққан. Қадимда бинолар хом лой ва каркас (чўбин) ёғочдан қурилгани учун умри қисқа эди. Кейинчалик ғиштни хумбузларда пишириб, тошдан иморатлар қурила бошланган. Шунинг учун уларни бир-биридан ажратиш учун номлар пайдо бўлиб, “Тош” сўзи кўп иморатларга қўйиладиган бўлган.

Тош ҳовли саройи учта катта ва бешта кичик ҳовли, икки қаватли айвон ва хоналардан иборат. Дастлаб ҳарам, сўнгра меҳмонхона, кейинчалик арзхона ҳовлилари битказилган. Ҳарамда хоннинг оиласи яшаган бўлса, меҳмонхона четдан келган элчи, туркман сардори ва қорақалпоқ бийлари каби улуғ меҳмонларга хизмат қилган. Арзхонада фуқоранинг арзи-доди тингланса, хориждан келган элчилар расман шу эрда қабул қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хива Тош ҳовли

Баҳолаганлар

79

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг