Хитойга супертайфун яқинлашмоқда. Сайёҳлар огоҳлантирилди
Олам
−
22 Сентябрь 5774 2 дақиқа
Хитойда сайёҳларга Рагаса супертайфуни яқинлашаётгани муносабати билан эҳтиёт чораларига риоя қилиш, сафар режалаштираётганларга эса хавфли ҳудудлардан қочиш тавсия этилди. Бу ҳақда Хитой Марказий гидрометеорология хизматига таяниб, “South China Morning Post” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Хитойнинг жанубий провинциялари қирғоқларига Рагаса супертайфуни тез суръатларда яқинлашмоқда. У мавсумдаги энг кучлилардан бири сифатида қайд этилган. Прогнозларга кўра, жорий йилнинг 24-25 сентябрь кунлари у Хайнань оролига (Гуандун провинцияси), Гуанси-Чжуан автоном райони ҳамда махсус маъмурий ҳудудлар: Гонконг ва Макаога зарба беради. Шунингдек, унинг таъсири Юньнань провинциясида ҳам сезилади.
Синоптиклар вайронкор тўфон, жала ва кенг кўламли сув тошқинлари бўлишини кутмоқда. Ҳодиса кутилаётган марказда шамол тезлиги секундига 60 метрдан ортиқ бўлиши айтилди. Тоғли ҳудудларда кўчки ва сел оқимлари хавфи юқори. Хитой ҳукумати қутқарув хизматларини кучайтирилган режимга ўтказмоқда ва қирғоқбўйи ҳудудлардан 400 минг аҳолининг оммавий эвакуациясига тайёргарлик кўрмоқда.
Яқин кунларда Хитойга саёҳатни режалаштираётган туристларга йўналишларни қайта кўриб чиқиш ва имкон қадар хавфли ҳудудларга бормаслик тавсия қилинмоқда. Бу ҳудудларда бўлганларга эса эҳтиёт чораларига қатъий тарзда амал қилиш: тўфон пайтида кўчага чиқмаслик ва ҳаракатланишни чеклаш, олдиндан сув, озиқ-овқат ва қувватловчи қурилмаларни тайёрлаб қўйиш, маҳаллий ҳокимиятнинг расмий хабарларини диққат билан кузатиб бориш, зарурат туғилганда вақтинчалик бошпана жойларининг манзилини олдиндан аниқлаб қўйиш тавсия қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вьетнамда кузатилган тўфон сабаб кучли ёмғир етти кишининг ҳаётига зомин бўлган, 12 мингдан ортиқ уй вайрон бўлган ёки зарар кўрган, пойтахт Ханойнинг катта қисмини сув босганди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь