Хитойдан Марказий Осиёга юк поезди жўнатилди. Унда нималар бор?
Жамият
−
17 Февраль 2020
16601Коронавирус эпидемияси авж олганидан сўнг биринчи маротаба экспорт товарлари ортилган юк поезди Хитойнинг шарқий қисми – Цзиньхуа шаҳридан Марказий Осиё мамлакатларига йўл олди. Бу ҳақда маҳаллий агентлик “Синьхуа” хабар бермоқда.
Нашр ахборотига кўра, поезд 14 февраль куни Иу шаҳри (Чжэцзян провинцияси) ва Испания пойтахти Мадридни боғлаб турувчи Иу — Синьцзян — Европа маршрути бўйича йўлга чиққан.
Юк поезди асбоб-ускуналар, текстил моллари ва автомобиль эҳтиёт қисмлари ортилган 82 та контейнердан иборат.
Товарлар Синцзян-Уйғур автоном ҳудудидаги "Хоргос" назорат-ўтказув пунктидан Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига юборилган.
Поезд кўзланган манзилга бир ҳафтадан сўнг етиб келиши кутилмоқда.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 28 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия ва Мисрда аниқланди.
Бугунгача вирусдан ҳалок бўлганлар 1775 нафарга, у билан касалланганлар 71 334 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.
Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.
LiveБарчаси