Республика махсус комиссияси Хитойдан келадиган ўзбекистонликлар бўйича ахборот берди
Жамият
−
04 Февраль 2020
8811Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 январдаги фармойишига асосан коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси тузилган эди.
Шу вақт ичида комиссия томонидан Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Ўзбекистондан Хитойга ва Хитойдан Ўзбекистонга авиапарвозлар вақтинчалик тўхтатилди. Чегара ўтказиш пунктларида хориждан кириб келаётган фуқароларнинг саломатлигини текшириш тизими йўлга қўйилди. Тиббиёт муассасаларида ушбу эпидемияни барвақт аниқлаш ҳамда унинг тарқалишини олдини олиш борасида зарур чоралар кўрилмоқда.
Комиссия Хитойдаги ўзбекистонликларни Ватанга қайтариш, уларни икки ҳафта давомида карантинда сақлаш бўйича маълумот берди. Бу масалалар махсус комиссиянинг кеча, 3 февраль куни ўтказилган навбатдаги йиғилишида келгусидаги муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон фуқароларини Ухань шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келиш учун чартер рейслар ташкил этилди. Ушбу чартер рейсларнинг дастлабкиси 4-5 февраль кунлари амалга оширилади.
Мазкур самолётларда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси буюртмасига асосан мамлакатда қолиб, фаолиятини давом эттириш истагини билдирган ўзбекистонликларга зарур антисептик ва дезинфекция воситалари етказилади ҳамда бепул берилади.
“Хитойдан ватандошларни олиб келиш жараёнида барча санитария-эпидемиология талабларига қатьий риоя қилинади, йўловчиларнинг ҳар бири шифокорлар назорати остида бўлади.
Коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, қулай санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Хитойдан олиб келинадиган ватандошларимиз Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тайёрланган махсус тиббиёт муассасасига жойлаштирилади”, дейилади комиссия баёнотида.
Мазкур муассасалар тўлиқ карантин талаблари асосида жиҳозланган. Хусусан, коронавирус диагностикаси воситаларининг зарур захиралари яратилган, керакли дори ҳамда дезинфекция воситалари, ускуналар, сарфлаш материаллари, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган. Соҳанинг етук мутахассислари томонидан Ухань шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинган фуқаролар алоҳида назорат остида бўлиб, мунтазам тиббий текширувлардан ўтказилади.
Шунингдек, мазкур тиббиёт муассасаларида барча керакли маиший воситалар ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Ухань шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинадиган ўзбекистонликлар икки ҳафта давомида карантин остида сақланади. Ушбу вақт давомида уларнинг оила-аъзолари билан учрашиши таъқиқланади. Яқинлари билан фақат махсус телефон алоқаси орқали мулоқот қилиши мумкин бўлади.
Комиссия йиғилишида тегишли вазирлик ва идораларга ушбу вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан топшириқлар берилди. Комиссия ваколатига доир бошқа масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.