Хитойдаги мактаб ва боғчаларда инфекциялар сабаб назорат кучайтирилмоқда

Саломатлик

image

Хитойдаги мактаблар ва болалар боғчалари қиш мавсумида ўткир респиратор касалликларнинг тарқалиши фонида профилактик назорат чораларини кучайтиради. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси таълим вазирлиги эълон қилган ҳужжатда айтилади. 

Қайд этилишича, ҳар хил турдаги касалликларнинг бир-бирига ўхшаш даврлари ва эпидемия чўққиларининг алмашиниши эҳтимоли туфайли таълим муассасалари илмий ва самарали чоралар кўришлари керак.

Вазирлик ўткир респираторли инфекциялар бўйича мониторинг ва эрта огоҳлантириш чораларини кучайтириш зарурлигини билдирган.  

“Бошланғич ва ўрта таълим мактаблари, шунингдек, боғчаларда эрталаб ва кундузги назорат тизимини жорий этишга эътибор қаратиш лозим”, дейилади ҳужжатда.  

Аввалроқ Хитой расмийлари мамлакатда ўткир респиратор касалликларга чалинганлар сони ортгани ҳақида хабар берган эди. Хитой Халқ Республикаси Гигиена ва соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси вакили Ми Фэн яқин келажакда Хитойда ўткир респиратор инфекциялар сони ўсишда давом этишини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, касалликнинг энг сўнгги қайд этилган ҳолатлари грипп вируси туфайли юзага келган ва баъзи беморларда риновирус, микоплазма пневмонияси, респиратор-синцитиаль вирус ва аденовирус ҳам бор. Унинг сўзларига кўра, шифокорлар Хитойда янги вируслар ёки бактериялар сабаб бўлиши мумкин бўлган ўткир респиратор касалликлар ҳолатларини аниқламаган. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 22 ноябрь куни Хитойдан болаларда нафас олиш йўллари касалликларининг кўпайиши ҳақида қўшимча маълумот сўради. Хусусан, ЖССТ грипп,  SARS-CoV-2 коронавируси, респиратор-синцитиаль вирус ва микоплазма пневмониясининг тарқалиш тенденциялари ҳақидаги маълумотларга қизиқди. 27 ноябрь куни ЖССТ директори вазифасини бажарувчи Мария ван Керкхове Хитойда ўткир респиратор инфекциялар сонининг кўпайиши янги патогенлар билан боғлиқ эмаслигини ва COVID-19 инфекциялари сони 2018-2019 йиллардаги кўрсаткичлардан ошмаслигини айтди.

Эслатиб ўтамиз,  Ўзбекистонда ҳам мавсумий касалликлар тарқалиши сабаб куни кеча Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков ўткир респиратор инфекциялар тарқалиши занжирини узишга ҳаракат қилиш кераклигини айтиб чиққанди. У ота-оналарга касаллик белгилари бўлган фарзандларини боғча ва мактабларга, олий таълим муассасаларига юбормасликни маслаҳат берганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг