Хитойдаги энг катта чўл дарахт билан ўраб олинди

Олам

image

Хитой 46 йиллик кампаниясини якунлаб, мамлакатнинг энг катта Такламакон чўлини дарахтлар билан ўраш ишларини тугатди. Ушбу лойиҳа давлатнинг чўлланишга қарши кураш ва баҳорда мамлакатнинг айрим ҳудудларини “безовта қиладиган” қум бўронларини камайтириш борасидаги миллий саъй-ҳаракатларининг бир қисми сифатида амалга оширилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, Такламакон чўлини ўраган 3 минг километр узунликдаги “яшил белбоғ” лойиҳаси шимоли-ғарбий Шинжон ҳудудида саҳронинг охирги 100 метр жанубий чегарасида дарахт экилиши билан якунланган.                                        

Саҳрони дарахтлар билан ўраш ишлари 1978 йилда халқ орасида “Буюк яшил девор” номи билан машҳур бўлган “Уч шимолий ҳимоя белбоғи” лойиҳаси доирасида бошланган. Шу вақт мобайнида 30 миллион гектар майдонда дарахт экилган.                

Мамлакатнинг қуруқ шимоли-ғарбий ҳудудида амалга оширилган дарахт экиш ишлари натижасида Хитойнинг умумий ўрмон билан қопланган ҳудуди ўтган йил охирига келиб 25 фоиздан ошган. Бу кўрсаткич 1949 йилда 10 фоиз атрофида бўлган. Фақатгина Шинжон ҳудудида ўрмон қоплами сўнгги 40 йилда 1 фоиздан 5 фоизгача ошган.

“Лойиҳа давомида турли дарахт ва ўсимлик турларининг чидамлилигини синаб кўриш учун йиллар сарфланди. Бироқ танқидчиларнинг фикрича, дарахтларнинг яшаб қолиш даражаси кўпинча паст бўлган ва лойиҳа қум бўронларини камайтиришда самарасиз бўлиб келган. Бу бўронлар мунтазам равишда Пекин шаҳрига етиб боради”, дейилади хабарда.

Шинжон ўрмон хўжалиги расмийси Чу Лидунга кўра, Хитой Такламакон саҳроси чеккасида кўчат экишни давом эттиради. Унинг шимолий чегарасидаги терак ўрмонлари сув тошқинларини йўналтириш орқали қайта тикланади. Шунингдек, расмийлар саҳронинг ғарбий чегарасидаги қишлоқ хўжалиги ерлари ва боғларни ҳимоя қилиш учун янги ўрмон тармоқларини яратишни режалаштирмоқда.

Маълумотларга кўра, Хитойнинг дарахт экиш бўйича саъй-ҳаракатларига қарамай, мамлакат ҳудудининг 26,8 фоизи ҳанузгача “чўлланган” деб таснифланади. Бу кўрсаткич 10 йил аввал 27,2 фоиз бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Такламакон “Буюк яшил девор”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг