Хитойда савдо марказидаги ёнғин оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
18 Июль
4507Кеча, 17 июль куни Хитойнинг Цзигун шаҳридаги савдо марказида катта ёнғин содир бўлиши оқибатида камида 16 киши қурбон бўлди. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.
Сичуан провинцияси ҳудудида жойлашган 14 қаватли бинодаги ёнғин маҳаллий вақт билан соат 18:00 атрофида бошланган. Ёнғин биринчи қаватда содир бўлган. Тахминан тўрт соатдан сўнг, қутқарувчилар савдо марказидан ёнғин туфайли қамалиб қолган 75 кишини эвакуация қилишга муваффақ бўлди.
Ижтимоий тармоқларда ҳодиса акс этган видеолар тарқалиб, унда бинонинг пастки қаватларидаги деразадан қуюқ қора тутун булутлари чиқиб, осмонга кўтарилаётгани ва бутун иншоотни қамраб олгани акс этган. Ўт ўчирувчилар оловни ўчириш учун бир нечта дрон ва сув пуркагичлардан фойдаланган.
“Дастлабки тергов ёнғинга қурилиш ишлари сабаб бўлганини кўрсатмоқда. Бироқ асл сабабни аниқлаш бўйича батафсилроқ тергов олиб борилмоқда”, дейди расмийлардан бири.
Мамлакатнинг Фавқулодда вазиятлар департаменти жамоатчиликни воқеа ҳақидаги асосланмаган хабарларга ишонмаслик ёки кучайтирмасликка чақирган.
“Хитойда ёнғин хавфи муаммо бўлиб қолмоқда. 2024 йилнинг январидан майигача ёнғин оқибатида 947 киши ҳалок бўлган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 фоизга кўпдир”, деган Миллий ёнғин ва қутқарув бошқармаси матбуот котиби Ли Ванфенг.
Лининг сўзларига кўра, меҳмонхона ва ресторанлар каби жамоат жойларидаги ёнғинлар сони 40 фоизгача ошган, энг кўп учрайдиган сабаб электр ёки газ линияларининг нотўғри ишлаши ва эҳтиётсизликдир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида кўп қаватли бинода ёнғин чиққани хабар қилинганди. Ёнғинни ўчиришга 16 та техника ва 72 нафар ходим жалб этилганди.