Хитойда коронавирус қурбонлари сони кескин ошди
Олам
−
16 Февраль 2020
13207Хитойда пайдо бўлган COVID-19 вируси бўйича сўнгги маълумотлар билан танишамиз. Бугун, 16 февраль ҳолатига вирусдан касалланганлар сони 2093 нафарга ортиб, 69 270 нафарга етди. Хитойнинг материк қисми касалланганлар сони бўйича мутлақ етакчиликни сақлаб турибди.
Вирусдан даволанганлар сони 9639 нафарга етди. Коронавирус қурбонлари сони кечагига нисбатан 142 кишига кўпайиб, 1669 нафарга етди.
Япония коронавирусга чалинганлар сони бўйича Хитойдан кейинги ўринда боряпти. "Кун чиқар" мамлакатда 414 кишида вирус аниқланган. Буларнинг орасида “Diamond Princess” кемасида аниқланган беморлар ҳам бор.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 28 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия ва Мисрда аниқланди.
ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.
Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.
LiveБарчаси