Хитойда ҳарбий раҳбариятнинг 9 вакили порахўрликда айбланмоқда
Олам
−
17 Октябрь 2025 2835 2 дақиқа
Хитой ҳукумати Марказий ҳарбий кенгаш раисининг ўринбосари Хэ Вэйдун ҳамда ҳарбий раҳбариятнинг яна саккиз нафар вакилини Коммунистик партия сафидан чиқариб, ҳарбий унвонларидан маҳрум қилди. Бу ҳақда Хитой Мудофаа вазирлиги расмий вакили Чжан Сяоган WeChat’даги расмий саҳифада маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу чора-тадбирлар Хитой қуролли кучларида коррупция ва мансабни суиистеъмол қилишга қатъий чек қўйиш мақсадида амалга оширилган.
“Халқ озодлик армияси эндиликда янада пок, бирлашган ва жанговар салоҳиятини оширган кучга айланди. Коррупцияга ботган шахслар бу тизимда жой топа олмайди”, дейди Чжан Сяоган.
Коррупция учун жазоланганлар орасида қуйидагилар бор:
- Мяо Хуа – Марказий ҳарбий кенгаш аъзоси, сиёсий ишлар бошқармасининг собиқ раҳбари;
- Хэ Хунцзюн – сиёсий ишлар бошқармаси собиқ биринчи ўринбосари;
- Ван Сюбин – бирлашган оператив қўмондонлик марказининг собиқ биринчи ўринбосари;
- Линь Сянъян – Халқ озодлик армиясининг Шарқий ҳарбий округи собиқ қўмондони;
- Цинь Шутун – қуруқлик қўшинларининг собиқ сиёсий комиссари;
- Юань Хуачжи – денгиз кучлари собиқ сиёсий комиссари;
- Ван Хоубин – ракета қўшинлари собиқ қўмондони;
- Ван Чуньнин – Хитой халқ қуролли полициясининг собиқ қўмондони.
Уларнинг барчаси партия интизомини жиддий равишда бузганликда ва катта миқдорда пора олиш ҳамда бошқа оғир жиноятларда айбланмоқда.
“Уларнинг хатти-ҳаракатлари ўта оғир тусда бўлиб, давлат ва ҳарбий тизим учун чуқур салбий оқибатларга олиб келди. Шу сабабли, Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси уларни партия сафидан чиқариш ва ишларини ҳарбий прокуратурага топшириш тўғрисида қарор қабул қилди”, дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда Ван Бо исмли мансабдор порахўрликда айбланиб, ўлимга ҳукм қилинганди. Ҳукм Хубэй провинцияси суди томонидан чиқарилган. Ван Бо Ички Мўғулистон мухтор вилояти Халқ Конгресси Доимий қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари бўлган. У умрбод сиёсий ҳуқуқларидан маҳрум этилган ва барча шахсий мол-мулки мусодара қилинган.
Live
Барчаси