Хитой ва Россия оммавий қирғин қуролларини кенгайтирди – АҚШ
Олам
−
29 Сентябрь 2023
9228Америка Қўшма Штатлари Хитой ва Россия сўнгги 10 йил ичида оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқиш, яратиш ва етказиб бериш бўйича имкониятларини кенгайтирди, деб ҳисоблайди. Бундай баҳолар АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан эълон қилинган Оммавий қирғин қуролларига қарши кураш стратегиясида келтирилди.
Ҳужжатда маълум қилинишича, 2014 йилда аввалги стратегия эълон қилинганидан бери Хитой ва Россиянинг оммавий қуролларни яратиш, ривожлантириш ва етказиб бериш имкониятлари ошган.
“Россия қисқа муддатда ядровий, биологик ва кимёвий қуроллар соҳасида энг кескин таҳдидни келтириб чиқармоқда. У қисқа ва узоқ муддатли истиқболда оммавий қирғин қуроллари соҳасидаги имкониятларга эга бўлишда давом этади”, дейилади ҳужжатда.
Шу билан бирга, Пентагон Хитойни Қўшма Штатлар учун "кенг қамровли ва шошилинч муаммо" деб ҳисоблайди.
“ХХР Қўшма Штатларнинг ҳарбий афзалликларини зарарсизлантириш мақсадида Хитой Халқ-озодлик армиясининг деярли барча элементларини кенгайтирди ва модернизация қилди”, дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, Америка Қўшма Штатларига оммавий қирғин қуроллари соҳасида "доимий таҳдид" Эрон, Шимолий Корея ва экстремистик ташкилотлардан келаётгани қайд этилган.
Пентагон томонидан ўтган йилнинг октябрь ойида эълон қилинган АҚШнинг янги Миллий мудофаа стратегиясида Хитой АҚШ учун асосий муаммо сифатида белгиланган ва Россия “ўткир таҳдид” деб аталган. Ҳужжатнинг эълон қилиниши муносабати билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Хитой халқаро тартибни ўзгартириш ниятида ва бунинг учун имкониятларни оширган ҳолда Қўшма Штатлар учун ягона рақобатчи эканини айтган.
LiveБарчаси