Хитой ўз аҳолисига харид ва саёҳатлар учун пул тарқатади
Олам
−
06 Июнь 2020
4654Пекин расмийлари аҳолига харид қилиш, ресторанга бориш, спорт ва ўқиш билан шуғулланиш ёки саёҳатга чиқиш учун умумий қиймати 12,2 миллиард юанга (1,7 миллиард доллар) тенг ваучерлар тарқатади. Бу чакана савдонинг қулаши натижасида истеъмолни рағбатлантириш учун қилинмоқда, деб ёзади “Bloomberg”.
Йилнинг дастлабки тўрт ойида шаҳарда сотувлар 20,4 фоизга, бутун мамлакат бўйича эса 16,2 фоизга пасайиб кетди. Нашр маълумотларига кўра, аввалроқ Хитойнинг 50 га яқин шаҳри, жумладан, Ухань, Ханчжоу, Нанкин ва Шэньчжэнь аҳолисига 6 млрд юань миқдорида ваучерлар тарқатилган эди.
Маълумотларга кўра, навбатдаги ваучерлар 6 июнь куни тарқатила бошлайди. Уларни интернет ёки одатий дўконларда харид қилиш учун ишлатиш мумкин.
Ваучерлар тўрт босқичда тарқатилади: 6, 13, 20 ва 27 июнь кунлари. Ҳар бир купон 14 кун давомида амал қилади.
Бугун, 6 июнь куни Хитой пойтахти марказидаги Ванфуцзин сайёҳлик кўчасида "истеъмол мавсуми"нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. У жорий йилнинг октябрь ойигача давом этади. Маълумотларга кўра, унинг доирасида ҳам офлайн, ҳам интернетда 400 дан ортиқ тадбирлар режалаштирилган.
Пекин савдо департаменти раҳбари Ян Лиган олдин матбуот анжуманида айтганидек, "коронавирус эпидемияси шаҳарнинг истеъмол секторига жиддий зарба берди". "Яқинлашиб келаётган истеъмолни тарғиб қилиш тадбирлари ("Истеъмол мавсуми") нафақат савдони фаоллаштиришга ёрдам беради, балки истеъмолчилар ишончини оширади", деди у.
LiveБарчаси