Хитой туғилишни кўпайтириш учун янги дастурни ишга туширмоқда

Олам

image

Хитой 2026 йилдан бошлаб туғруқ билан боғлиқ барча тиббий харажатларни давлат бюджети ҳисобидан қоплашни режалаштирмоқда. Бу орқали давлат ёш жуфтликларни фарзанд кўришга рағбатлантиришни мақсад қилган. Бу ҳақда Миллий соғлиқни сақлаш хавфсизлиги бошқармаси маълум қилди.

2026 йилга келиб, мамлакат бўйлаб туғруқ жараёни билан боғлиқ барча тиббий хизматлар, жумладан, туғруқдан олдинги текширувлар учун харажатлар тўлиқ қопланади. Бу чора-тадбирлар туғруқ учун “чўнтакдан харажатсиз” тизимни шакллантиришга қаратилган. Ушбу қарор Пекиннинг аҳоли сони камайишини тўхтатиш ва демографик ўсишни рағбатлантириш сиёсати доирасида қабул қилинмоқда.

Маълумотларга кўра, Хитой аҳолиси 2022 йилда сўнгги ўн йилликларда илк бор камайган ва 2024 йилга қадар бу тенденция давом этган. Мутахассислар туғилиш даражасининг пасайиши сабабли аҳоли қисқариши яқин йилларда ҳам сақланиб қолишини тахмин қилмоқда. Бу эса ишчи кучининг камайиши ва кекса аҳолининг кўпайиши орқали маҳаллий ҳукуматлар учун қўшимча босим яратиши мумкин.

Хитойда туғилиш даражаси 1980–2015 йилларда амалда бўлган “бир бола” сиёсати, шунингдек, жадал урбанизация таъсирида узоқ йиллар давомида пасайиб келмоқда. Болаларни парвариш қилиш ва таълим харажатларининг юқорилиги, ишсизлик муаммолари ҳамда иқтисодиёт суръатларининг секинлашиши кўплаб ёшларни оила қуришдан тийиб келмоқда.

Айрим ҳудудлар, жумладан, Цзилинь, Цзянсу ва Шандун провинциялари аллақачон туғруқни деярли бепул қилиш бўйича сиёсатни жорий этган. Шунингдек, Хитой ҳукумати болалар парвариши учун субсидиялар бериш ва мактабгача таълимни бепул қилиш каби чораларни ҳам кенгайтиришини маълум қилган.
Шунингдек, расмийлар туғруқ таътили муддатини узайтириш, молиявий ва солиқ имтиёзлари ҳамда уй-жой субсидиялари орқали жуфтликларни фарзандли бўлишга ундашга уринган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мён туғилишни ошириш учун иш вақтини қисқартириш ва 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш орқали туғилишни кўпайтиришни таклиф қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой туғилиш кўпайтириш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг