Хитой Тибетда дунёдаги энг йирик ГЭСни қуради
Олам
−
28 Декабрь 2024
7200Хитой ҳукумати Тибет тоғликларининг шарқий қисмида улкан гидроэлектрстанциясини қуриш лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, ГЭС Ярлунг Цангпо дарёсида барпо этилади. Қурилиш ишлари режалаштирилган дарё қисми 2 километрлик баландлик фарқига эга ва узунлиги 50 километр бўлиб, улкан гидроэнергетик салоҳиятга эга. Янги ГЭСнинг тўғони дунёдаги энг йирик тўғон бўлади. У ҳар йили 300 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу айни пайтда дунёдаги энг йирик ГЭС ҳисобланган Хитойдаги “Уч дара”дан уч баравар кўп дегани.
Янги электр станциясини мамлакатдаги энг йирик қурилиш компанияларидан бири – Power Construction Corp of China қуради. Қурилишга жами сармоялар 1 триллион юандан (137 миллиард доллар) ошиши мумкинлиги кутилмоқда. Бу эса ушбу ГЭСни дунёдаги энг қиммат инфратузилма лойиҳасига айлантиради.
Ҳиндистон ва Бангладеш станциянинг қурилиши маҳаллий экологияга ва Ярлунг Цангпо дарёсининг ҳолатига таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Хусусан, Ҳиндистон ГЭСнинг ишлаши сув тошқинларини келтириб чиқариши ёки дарёнинг қуйи оқимида сув танқислигини юзага келтириши мумкинлигини таъкидлаган. Хитой ҳукумати эса қурилиш қанча маҳаллий аҳолини қамраб олиши ва қанча одам кўчирилиши кераклигини ошкор қилмаган ҳолда лойиҳанинг атроф-муҳитга сезиларли таъсир кўрсатмаслигини тахмин қилаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Чегарасиз дарёлар” халқаро экологик коалицияси Жаҳон банки ва бошқа халқаро тараққиёт банклари томонидан миллиардлаб кредитлар ажратиш режалаштирилаётган Тожикистондаги Роғун ГЭС қурилиши лойиҳаси ижтимоий ва экологик стандартларга мос эмаслиги ҳақида хабар берган эди.
LiveБарчаси