Хитой Россияга ҳалокатли қуроллар етказиб бермоқчи – Британия
Олам
−
23 Май
10362Лондон ва Вашингтонда Хитой Россия Федерациясига Украинадаги урушда қўллаш учун мўлжалланган ҳалокатли қуролларни етказиб беришни режалаштираётгани ҳақида маълумот бор. Бу ҳақда Британия Мудофаа вазири Грант Шэппс мудофаа ва хавфсизлик масалаларига бағишланган Лондон анжуманида сўз очди.
Унинг сўзларига кўра, Британия ва Америка разведкасида ўлимга олиб келадиган ҳарбий ёрдам ҳозир Хитойдан Россияга етказиб берилаётгани ёки етказилиши, кейин эса Украинада қўлланиши ҳақида далиллар мавжуд. Шэппс буни "вазиятнинг сезиларли ўзгариши" деб атади.
"Биз хавотирда бўлишимиз керак, чунки бу можаро бошида Хитой Россияни тийиб турган куч сифатида кўринишга ҳаракат қилди", дейди Шэппс.
Вазирнинг қўшимча қилганидек, Ғарбнинг Россияга қарши туришга қаратилган саъй-ҳаракатларига қарамай, бу соҳада етарлича ишлар қилинмаяпти.
“Демократик дунё тўғри гапирмоқда ва асосан тўғри ишларни қилмоқда, аммо бу муҳим дақиқада талаб қиладиган даражада ёки тезликда эмас”, дейди Мудофаа вазири.
Шэппс йўлакнинг икки томонида бирдек ҳаракат қилишга уринаётган давлатларни иккиюзламачилик қилишни тўхтатишга чақирди. Бу билан у Россияга нефть ва энергия учун муқобил бозорларни тақдим қилаётганларни назарда тутган. Мудофаа вазири ўз сўзи охирида Россия Федерациясига қарши босимни кучайтириш ва ҳарбий харажатларни оширишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, шу ой бошида Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Киев кучлари Россия ичидаги нишонларга зарба бериш учун Британиянинг узоқ масофали қуролларидан фойдаланиши мумкинлигини айтганди.
LiveБарчаси