Хитой Россиядан электр энергияси харидини тўхтатди
Олам
−
21:36 1641 2 дақиқа
Хитой 1 январдан бошлаб Россиядан электр энергияси импортини тўлиқ тўхтатган ва ҳатто шартномада кўзда тутилган минимал ҳажмни (тахминан 12 мегаватт) ҳам сотиб олишдан воз кечган. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, “Коммерсантъ” хабар берди.
Нашр суҳбатдошларига кўра, электр энергиясини Хитойга экспорт қилиш 2026 йилда қайта тикланиши эҳтимолдан йироқ. Етказиб беришнинг тўхтатилишига асосий сабаб сифатида экспорт нархининг ошиб кетгани кўрсатилмоқда – у Хитой ички электр энергияси нархидан юқори бўлиб, Пекин учун бундай харид иқтисодий жиҳатдан самарасиз.
“Интер РAO” Хитойга Узоқ Шарқдан ортиқча электр энергиясини экспорт қилиб келган. Хитойнинг Давлат электр тармоқлари корпорацияси билан шартнома 2012 йилда тузилган бўлиб, у 2037 йилгача амал қилади. Шартнома доирасида бутун давр мобайнида Хитойга қарийб 100 миллиард киловатт/соат, яъни йилига ўртача тўрт миллиард киловатт/соат электр энергияси етказиб берилиши режалаштирилган.
“Ҳозирда томонлар электр энергияси савдосини амалга ошириш имкониятларини фаол ўрганмоқда. Россия томони ташаббуси билан экспорт шартномасини бекор қилиш режалаштирилмаган. Доимий алоқада бўлиб турган Хитой томони ҳам шартномани бекор қилишга қизиқиш билдирмаяпти”, дейди “Интер RAO” вакили.
Компания, шунингдек, Узоқ Шарқ энергетика тизимида электр энергиясига бўлган талаб тез суръатларда ошиб бораётгани ва генерация қувватлари етишмаётгани сабабли экспорт имкониятлари қисқариб, Хитойга етказиб бериш чекланганини қайд этган.
“Коммерсантъ” маълумотларига кўра, 2012-2020 йилларда Хитойга электр энергияси экспорти ҳажми йилига ўртача уч миллиард киловатт-соатни ташкил этган. 2021 йилда эса Хитой шимоли-шарқий ҳудудларидаги энергия танқислигини қоплаш учун экспортни оширишни сўрагач, етказиб бериш 30 фоизга кўпайган. Энг юқори кўрсаткичга 2022 йилда эришилган – 4,7 миллиард киловатт/соат. Дастлаб шартнома ортиқча электр энергиясини сотишга мўлжалланган бўлса-да, Узоқ Шарқ энергетика тизимидаги қувватлар танқислиги сабаб 2023 йил августидан бошлаб экспорт камайиб борган ва 2025 йилда энг паст даражага тушган.
Газета суҳбатлашган таҳлилчиларнинг айтишича, Россиядан Хитойга етказиб берилган электр энергияси ҳажми мамлакатнинг ички ишлаб чиқариш кўрсаткичлари билан солиштирганда жуда кичик бўлган, шу боис “энергетик баланс нуқтаи назаридан Хитой бу ҳажмни муаммосиз қоплай олади”.
Live
Барчаси