Хитой “Мадуро услуби”даги операцияни машқ қилди

Олам

image

Хитой ҳарбийлари шартли душман раҳбариятининг “бошини кесиш”га қаратилган операцияни машқ қилди. Бу ҳақда кеча, 16 январь куни “Nikkei Asia” хабар берди.

Нашр баҳосига кўра, машғулотлар сценарийси АҚШнинг яқинда Венесуэлада ўтказган махсус амалиёти – Николас Мадуронинг қўлга олиниши билан кўп жиҳатдан уйғун бўлиб, Пекиннинг Тайванда шунга ўхшаш ҳаракатларни амалга ошириш имкониятларини намойиш этиши сифатида кўрилиши мумкин.

Хитой Марказий телевидениеси эълон қилган кадрларда машғулот ҳарбий учувчисиз аппарат ёрдамида разведкадан бошлангани кўринади: дрон сценарий бўйича рақиблар жойлашган бинони аниқлайди. Шундан сўнг тунги вақтда махсус бўлинма тезкор рейд ўтказади. Жангчилар қўриқлаш постларини шовқинсиз четлаб ўтиш ва тўрт нафар шартли “террорчи”ни йўқ қилиш учун ҳарбий турдаги арбалетлардан фойдаланган. Штурмнинг бутун имитацияси икки дақиқадан кам вақт олган.

“Мадурони қўлга олиш АҚШ армиясининг 160-махсус авиация полки кўмагида Delta Force кучлари томонидан амалга оширилган. Операция давомида америкалик ҳарбийлар орасида йўқотишлар бўлмаган. Ҳозир Пекин Хитой Халқ озодлик армияси ҳам мураккаблиги ва тезлиги жиҳатидан шунга ўхшаш махсус амалиётларни ўтказишга қодир эканини кўрсатишга интилмоқда. Бундан ташқари, бу маневрлар бевосита Тайвань Президенти Лай Цзин-те маъмуриятига ҳам йўналтирилган бўлиши мумкин”, деб ёзади “Nikkei Asia”.

2025 йил охирида Хитой қўшинлари йирик ҳарбий машғулотлар доирасида оролни қуршаб олган. Ўшанда Хитой ОАВ қуролли кучлар “асосий нишонларга имитатсион ҳужумлар”ни машқ қилганини билдирган. 2015 йилда эса CCTV Ички Монголиядаги машғулот базасида Тайвань президент саройига ниҳоятда ўхшаш бино қўлланган ўқув машғулотларини намойиш этган.

Эслатиб ўтамиз, Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес жорий йил 3 январга ўтар кечаси АҚШнинг Delta Force махсус бўлинмаси томонидан қўлга олиниб, АҚШга олиб кетилганди. У ерда уларга “гиёҳвандлик терроризми”, қуролни ноқонуний сақлаш ва гиёҳванд моддаларни контрабанда қилиш айбловлари қўйилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Венесуэла Хитой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг